Арманистон Парламенти фавқулодда йиғилиш чақирди

Арманистондаги сиёсий инқироз Тоғли Қорабоғдаги ҳарбий можаролардан бери давом этяпти. Бу инқироз февраль ойи охирида Арманистон Қуролли Кучлари Бош штаби Пашиняннинг истеъфосини талаб қилгач, кескинлашди. Ереванда ҳар куни Бош вазирнинг тарафдорлари ва унга қаршиларнинг намойишлари ўтказиляпти.

Вазиятни юмшатиш мақсадида Арманистон парламентида кўпчилик ўринга эга “Менинг қадамим” фракцияси Арманистон Миллий йиғилишининг (парламент) навбатдан ташқари сессиясини эълон қилди. Бу ҳақда қонун чиқарувчи органнинг расмий сайтидаги хабарда айтилган. 

Унга кўра, йиғилиш эртага, 2 апрель куни соат 11:00 да бўлиб ўтади.

Маҳаллий оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, йиғилиш кун тартибига "Арманистон Республикаси Сайлов кодекси тўғрисидаги конституциявий қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги қонун лойиҳаси киритилган.

Аввалроқ, Арманистон Президенти Армен Саркисян мамлакат кўпвекторли инқироз ҳолатида эканлигини маълум қилганди. Арманистон Бош вазири Никол Пашинян эса апрель ойида истеъфога чиқишини эълон қилган эди.