Армон...

Аъзамжон улғайган сари, тарбияли, интизомли, ақлли бола бўлиб ўсди. Ҳар йили мактабдан унга, ота-онасига ташаккурнома бериларди. Унинг билими кучли бўлиб, тарих, математика, физика, адабиёт устозлари фан олимпиадасига олиб чиқишга талашар эди.

Аъзамжоннинг, айниқса, адабиётга меҳри баланд  бўлиб, шеър ва ҳикоялар машқ қилиб турарди. Бундай истеъдод унга отасидан ўтган эди. Раҳматли отаси кучли шифокор, хирург эди. Гарчи ҳирург бўлса-да кўплаб шеърлар, айниқса Аъзамжоннинг онаси, Фароғат холага атаб ёзган шеърлари талайгина эди.

У йигит ёшига етганида ўзидан икки ёш кичик Гулруҳга кўнгил қўйди. Улар фан олимпиадасининг вилоят босқичида кўришиб, танишган эдилар. Гулруҳ маҳаллада мансабдор кишининг қизи бўлиб, Аъзамжоннинг онасига хуш келмас, Аъзамжон эса онасига бор ҳақиқатни айтиб, вақти келганда Гуруҳга уйланишини айтиб ўтарди.
Мактабни тугатиб, университетда онаси каби тарих йўналишида ўқиди, йигитлик бурчини адо этиш мақсадида, ҳарбий хизматга бориб келди. Бу орада Гулруҳ ҳам университетни охирги курсида таҳсил олаётган эди.

Гулруҳ ҳар сафар Аъзамжонга, уйига кўплаб совчилар келаётганини, улар Аъзамжондан совчи кутишаётганини айтар эди.
Аъзамжоннинг онаси қатъий бир қарорда туриб олди. “Мен бойвучча қиз, Гулруҳни келин қилмайман“, деб, ўғлининг кўнглига қараб ҳам ўтирмади. Опасини ёнига олиб узоқроқ қариндошлариникига совчиликка боришди. Улар ҳам қизларини Аъзамжонга  беришга розилик билдирди.
Кунлар, кунлар кетидан икки ой ҳам ўтиб, тўй куни яқинлашди. Дилшодага кўнгли илимаса ҳам, онаси унга ёмон қизни раво кўрмаслигини жуда яхши тушунган Аъзамжон яхши кайфиятда юришга ҳаракат қилди.

Тўйдан бир кун олдин ЗАГСдан ўтиш учун йўлга чиққан куёв навкарларнинг машиналари катта тезликда ҳаракатланганлиги сабабли каттакон "Камаз" тагига кириб кетган эди. Ҳамма тўйда, шод, хуррам, негадир Аъзамжоннинг онаси Фароғат холанинг қўлидан косаси тушиб чил-чил синиб тушди. Буни кўрган тўйбошилар “Келган бало шунга урсин“ деб қолишди.
Дилшодага ҳамма ҳавас билан қарашади. У мактабда бошланғич синфларга дарс бера бошлаганида Фароғат хола уни келин қилишини айтиб ўтарди. Шу зайлда пинҳона севгисини 5 йил кутиб орзуси ушалаётганидан мамнун эди. Оппоқ либос кийиб севгилисини кутаётган Дилшода, негадир кўнгли ғашлигини яқин дугонасига айтиб турганди.

Ҳамма етказилган хабардан лол қолди, авария туфайли Аъзамжон ва шофёр йигит машина олди тарафида ўтирганлиги туфайли ҳалок бўлган эди.
Ҳаммани армонда қолдирган Аъзамжонни онаси Фароғат ҳоланинг сўзлари ҳали-ҳануз қулоғим олдида жаранглайди:
- Мен ўғлимнинг кўнглидаги қизни олиб бермаганим бир армон бўлса, унинг бахтини кўролмаганим, менга минг армон бўлди. «Бўзлаб-бўзлаб бўзлаганим, мени раъйимни қайтара олмаган, кўнглимга қараб, чизган чизиғимдан чиқолмаган, гўшанга кўрмай кетган болам...», деб уввос солиб йиғларди.
Бу хабардан кейин Дилшода бир зум қотиб қолди. "Нега, нега, эй ҳаёт, шундай қисмат ёздинг, менинг айбим, айниқса, Аъзам аканинг нима гуноҳи бор эди, бундай ҳолга тушдик", дея карахт ахволга тушган эди.

Аъзамжоннинг таъзияси куни Гулруҳ Фароғат холанинг қўлига қўлда тикилган рўмолча бериб кетди, шунда холам Гулруҳни қучоқлаб, яна бўзлаб-бўзлаб қолди. Бу рўмолча Фароғат хола келинига атаб тиккан рўмолча эди...

Наргиза Тожибаева.