Архив ишида сунъий интеллектдан фойдаланиладими?
Соҳага жорий этилиши режалаштирилган шу ва бошқа инновациялар эртага вилоятимизда бўлиб ўтадиган МДҲ давлатлари архив хизматлари раҳбарларининг Маслаҳат кенгаши 19-йиғилиши ҳамда “Архивлар ва электрон ҳужжатлар: давр талаблари” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференцияда муҳокама қилинади.
Бу ҳақда вилоят Матбуот уйида Адлия вазирлиги ҳузуридаги “Ўзархив” агентлиги томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида маълум қилинди.
Унда “Ўзархив” агентлиги раҳбарининг ўринбосари Шерзод Содиқов МДҲ давлатлари архив хизматлари раҳбарларининг Маслаҳат кенгаши, нуфузли тадбир ва унинг ўтказилиши тартиби ҳақида батафсил маълумот берди.
Таъкидланганидек, мазкур кенгаш 2004 йил 3 декабрда архив иши билан боғлиқ долзарб масалаларни ҳамкорликда кўриб чиқиш, ҳужжат алмашишдаги муаммоларни бартараф этиш мақсадида ташкил этилган. Ўзбекистон унга 2021 йилда аъзо бўлиб кирган. Ҳозир унинг таркибида Озарбайжон, Арманистон, Беларус, Қозоқистон, Молдова, Россия, Тожикистон, Украина ва Қирғиз Республикаси бор.
Маълумотга кўра, анжуманларда архив ишига сунъий интеллект, рақамлаштириш технологияларини жорий этиш, шунингдек, архив ҳужжатларини ОАВ орқали эълон қилиб бориш тартиби ҳам муҳокама қилиниб, тегишли қарорлар қабул қилинади.