Арзонлаштирилган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ярмаркаси ўтказишдан мақсад нима? Бундай тадбирлар бир кунлик бўлмаслиги керак

Аввало, шаҳар аҳолиси учун қишга керакли озиқ-овқат маҳсулотлари жамғаришга имконият яратиш, нарх барқарорлигини таъминлаш, харидор деҳқондан тўғридан-тўғри арзон ва сифатли маҳсулот олишини таъминлаш учун ташкил этилади. Самарқанд шаҳар куни арафасида аҳолига янада қулайлик яратиш учун қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ярмаркаси ташкил этилган.

Ярмаркага барча туманлардан фермер хўжаликлари мева-сабзавот, балиқ, парранда, мол ва қўй гўшти, тухум, асал ҳамда бошқа қишлоқ хўжалик маҳсулотлари келтиришган. Масалан, оқдарёлик асалчилар маҳсулотини килограмини энг арзон нархда 50 минг сўмдан сотишмоқда, қўшработлик чорвадорлар келтирган гўштнинг килограмини ҳам ярмаркадаги энг арзон нархда - 50 минг сўмдан тақдим этишмоқда. Оқдарё тумани ҳокимлиги масъулларининг маълумотига кўра, тумандаги 10 дан ортиқ фермер хўжалиги кунига 33 турдаги 25-30 тоннага яқин маҳсулот келтириб, бозордан 15-20 фоизгача арзон нархда сотишмоқда.

Аммо ярмаркада айрим туманларнинг расталари номигагина турибди. Кечагина арзон нархда истаганча топилган маҳсулотлар бугун сийраклашган.

- Кеча нархлар анча арзон эди, бозордаги олибсотарлар келиб маҳсулотларни кўтарасига арзон нархда сотиб олди. Бугун эса ўзлари қиммат нархда сотишмоқда, - дейди Самарқанд шаҳрида яшовчи харидор Матлюба опа. – Уч кундан буён керакли маҳсулотларни харид қиляпман. Бугун кечаги сифатли ва арзон маҳсулотнинг тамомила акси. Балки бундай ярмаркаларни олибсотарлардан ҳимоя қилиш учун ҳам маҳсулот хариди миқдорини чеклаш керакдир. Шунда биз каби кекса инсонларга ҳам сифатли ва арзон маҳсулот харид қилиш имконияти ортади.

Ярмаркага “Жомбой оил” масъулияти чекланган жамияти битта “Дамас” автомобилида кунгабоқар ёғи келтирганлиги туфайли турнақатор навбат ҳосил бўлган. Корхона аъзолари 5 литр ёғни 60 минг сўмдан сотишмоқда. Соат 12:30 бўлганда “Каттақўрғон ёғ-мой” акциядорлик жамиятидан ёғ келтирилди. Аммо ёғнинг сотилиш нархи номаълум, харидорлар навбатталаш. Ярим соатлик қўнғироқлардан сўнг кечагина 60 мингдан сотилган 5 литрлик пахта ёғи бугун 61 минг сўмдан сотилмоқда. Байрам ўтди, кўрадиган масъуллар кетди эканда?! Унда бундай кўргазма ярмаркани бозордан нима фарқи қолади?

Ў.ХУДОЙБЕРДИЕВ,

Б.МУСТАНОВ.