Байрам ярмаркалари фақат қоғоздами? Аҳоли улардан нега норози?
“Зарафшон” газетасининг шу йил 22 августдаги 106-сонида “Вилоятимизда фақат сабзавот етиштириладими?” сарлавҳали мақола орқали Самарқанд шаҳридаги деҳқон бозорларида фермер хўжаликларининг арзонлаштирилган савдо ярмаркаларидаги ҳолатга эътибор қаратгандик. Хўш, орадан бир ҳафтадан ортиқ вақт ўтди, ярмаркаларда қандай ўзгариш бўлгани билан қизиқиб яна ўша бозорларни кўздан кечирдик.
“Сиёб деҳқон бозори”да мақоламизда келтирилган Ургут ва Паст Дарғом тумани фермерлари одатдагидай махсус расталарда сабзавот сотишяпти. Ярмарканинг бунчалик камтарлиги “Сиёб деҳқон бозори” нуфузига тўғри келмаслигини ҳисобга олган бозор маъмурияти захира бўлими ҳисобидан мевалар савдосини ташкил этибди. Яна Паст Дарғом туманидаги “Пўлат балиқ ҳавзаси” фермер хўжалиги балиқ, Самарқанд туманидаги “Оригинал макс люкс”, “Навобод наслли парранда” “Талобод” фермер хўжаликлари кунига 200 килограммгача мол, қўй ва товуқ гўшти, 5 мингтагача тухум келтиришяпти.
“Ургут деҳқон бозори” масъулияти чекланган жамияти ҳам байрам ярмаркасида 39 минг сўмдан гўшт савдосини ташкил этибди. Фақат бозор маъмуриятнинг лоқайдлиги туфайли қачонлардир осиб қўйилган баннер ярмарка бошқа жойда ташкил этилганига қарамай ҳамон ўз жойидан “силжимайди”.
“Темирйўл деҳқон бозори”даги ҳолат эса қачонлардир шу ерда фермерларнинг ҳақиқий арзонлаштирилган ярмаркаси бўлганлигини эслатади. Ҳозир бу ердаги фермерлар учун ажратилган расталарни бозордаги олибсотарлар эгаллаб олган. Қачонки бирорта текширувчи бозорга келса олибсотарлар бирдан фермер хўжалик аъзосига айланишади, табиийки нархлар ҳам шунга мослашади. Буни шу ердаги истеъмолчилар фикридан ҳам билиш мумкин.
Видео: Youtube
- 20 йилдан буён шу ердан бозорлик қиламан, - дейди Самарқанд шаҳри Орзу кўчасида яшовчи Розия Ҳотамова. – Харидларни 500 сўм бўлса ҳам арзонроқ олиш учун ярмаркага келамиз, аммо бу ердаги нархлар бозор билан бир хил. Хўжакўрсинга ярмарка ташкил қилишнинг нима кераги бор? Ярмаркадаги маҳсулотлар нега ёзиб қўйилган нархида сотилмаётганлигини сўрасак, олибсотар сотувчилар ёқмаса бошқа жойдан олинг дейишади. Шу ҳам савдо маданиятими? Мисол учун, бозорда картошканинг бир килограми 2-3 минг сўмдан сотиляпти, ярмаркада ҳам шу нарх. Кеча текширувчилар келган пайтда барча расталарга гўштнинг бир килоси 39 000 сўм, деб ёзиб чиқишди, текширувчилар кетгач яна 45 минг сўмдан сотишди.
Ҳақиқатан, ярмаркани айланиб, Оқдарё ва Тойлоқ туманларидан ярмаркага маҳсулот келтирган биттадан фермер хўжалик аъзоларини учратдик, холос. Бозорга маҳсулот келтириши белгиланган Булунғур тумани фермерлари ва уларни терминаллар билан таъминлаши лозим бўлган “Халқ банки” ходимлари ҳам ярмарка бўлаётганини унутиб қўйган.
“Мармар деҳқон бозори”га Пайариқ ва Қўшработ тумани фермерлари ўзлари етиштирган қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг арзонлаштирилган савдо ярмаркасини ташкил эттишлари белгиланган. Аммо 5 сентябргача давом этиши режалаштирилган ярмарка бу туманлар деҳқонлари учун 28 августдан якунланибди. Бозорда махсус ажратилган расталарда маҳсулотни ҳам, сотувчиларни ҳам учратмадик.
Ҳозир айни пишиқчилик даври ва шу кунларда халқимиз энг улуғ, энг азиз байрамни нишонлаш арафасида. Аҳолининг кўтаринки кайфиятда байрамни кутиб олиши ва бозорларимизда нарх-наво барқарорлигини таъминлаш мақсадида ярмаркалар ташкил этилган эди. Вилоят ҳокимлиги томонидан белгиланган режага асосан, вилоят ҳокимининг ўринбосарлари бошчилигида бошқарма, ташкилотлар раҳбарлари масъул этилган тадбирга ҳар бир тумандан неча турдаги ва қанча миқдордаги маҳсулот келтирилиши, ҳаттоки хўжаликлар кесимида ҳам аниқ белгиланган бўлса-да, байрам ярмаркалари қоғозда ўтяпти. Бунга масъуллар нима дейди?
Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ,
Бахтиёр МУСТАНОВ,
“Zarnews.uz” мухбирлари.