Асқад Мухторнинг поэтик маҳорати эътироф этилди

ХХ аср ўзбек адабиётининг йирик вакили, етук истеъдод соҳиби Асқад Мухтор таваллудига 100 йил тўлди. Шу муносабат билан Самарқанд давлат университетида “Асқад Мухторнинг поэтик маҳорати” мавзусида филология факультети, Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими билан ҳамкорликда Республика илмий-амалий онлайн конференцияси бўлиб ўтди.

Конференцияда республикамизнинг етакчи олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари, тадқиқотчилар, ижодкорлар ва талабалар иштирок этди.
Конференцияни факультет декани, филология фанлари доктори, профессор Азамат Пардаев очиб берар экан, адибнинг ўзбек адабиётидаги ижодий мероси ёшларнинг маънавий юксалишига бевосита хизмат қилаётганлигини қайд этди.

Шунингдек, анжуманда Ўзбек тили ва адабиёти университети профессори Баҳодир Каримовнинг “Шоирнинг сокин қалби”, шоир ва адабиётшунос, филология фанлари доктори Улуғбек Ҳамдамнинг “Асқад Мухтор шеъриятига чизгилар”, Бухоро давлат университети профессори Шоира Аҳмедованинг “Асқад Мухтор ижодида мактубнинг ўрни”, Фарғона давлат университети доценти Зокир Раҳимовнинг “Ижодий анъаналар ва полифоник талқин” мавзусидаги маърузалари тингланди. СамДУ профессорлари Ҳ.Умуров, А.Солиев, Ш.Ҳасанов, А.Носиров, У.Қобилов, М.Давронова, доцент А.Тошпўлатов Асқад Мухтор ижодининг поэтик хусусиятлари ҳақидаги маъруза қилди.

Ҳуррият ЎРМОНОВА,
СамДУ талабаси.