Оналик нафақаси қандай ҳисобланади?

- Оналик нафақасини ҳисоблаш тартиби қандай? Бунда иш жойидан берилган мукофот пуллари ҳам ҳисобга олинадими?

С.Йўлдошев,

Пайариқ тумани.

- Меҳнат кодексининг 404-моддасига кўра, аёлларга туғруққача етмиш календарь кун ҳамда туғруқдан кейин эллик олти календарь кун (туғиш қийин кечган ёхуд икки ёки ундан ортиқ бола туғилган тақдирда етмиш календарь кун) ҳомиладорлик ва туғиш таътили берилади, - дея саволга жавоб берди Пайариқ тумани юридик хизмат кўрсатиш маркази раҳбари Икром Абдураҳмонов. - Ҳомиладорлик ва туғиш таътили жамланган ҳолда ҳисоблаб чиқарилиб, туғруққача ҳақиқатда фойдаланилган кунлар сонидан қатъий назар, тўлиқ берилиши белгиланган.

Нафақани ҳисоблаш тартиби Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 31 майдаги 314-сон қарори билан тасдиқланган “Вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик, ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақаларни ҳамда янги туғилган болани фарзандликка олган ёки унга васий қилиб белгиланган ходимга нафақани тайинлаш ҳамда тўлаш тартиби тўғрисида”ги низомга кўра амалга оширилади. Бунга фуқарога берилган меҳнатга лаёқатсизлик варақаси асос бўлади.

Низомнинг 35-бандига кўра, ҳомиладорлик ва туғиш бўйича ҳамда янги туғилган болани фарзандликка олган ёки унга васий қилиб белгиланган ходимга бериладиган нафақалар ходим:

- ишга қабул қилинган кундан 12 ойгача иш стажига эга бўлганда, ўртача ойлик иш ҳақининг 75 фоизи;

- ишга қабул қилинган кундан 12 ойдан ортиқ иш стажига эга бўлганда, ўртача ойлик иш ҳақининг 100 фоизи миқдорида тўланади.

Нафақанинг умумий суммаси кунлик ўртача иш ҳақини ушбу ойда вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик, ҳомиладорлик ва туғиш таътили ҳамда янги туғилган болани фарзандликка олган ёки унга васий қилиб белгиланган ходимга бериладиган таътил туфайли ишга келмаган иш кунлари сонига кўпайтириш йўли билан аниқланади.

Нафақалар бўйича ўртача иш ҳақи Меҳнат кодексининг 257-моддасига кўра, ўртача иш ҳақини ҳисоблаб чиқариш учун ходимга ҳисобланган иш ҳақининг таркибига солиқ тўғрисидаги қонунчиликда назарда тутилган, солиқ солиниши лозим бўлган, иш берувчи томонидан ҳақиқатда амалга оширилган тўловларнинг барча турлари киритилади.

Меҳнатга ҳақ тўлашнинг ишбай тизимидаги ходимларнинг ўртача иш ҳақи ходимнинг ўртача иш ҳақи сақланиб қоладиган ойдан олдинги календарь ой учун ишбай баҳолар бўйича ҳақиқатда ҳисобланган иш ҳақидан келиб чиқиб, ходимнинг ўртача иш ҳақи сақланиб қоладиган ойдан олдинги ўн икки календарь ой учун устамалар, мукофотлар ва бошқа тўловлар (ушбу Кодекс 248-моддасининг учинчи қисмида назарда тутилган иш ҳақининг қўшимча қисми) суммасининг ўн иккидан бир қисми ўртача иш ҳақига жамланган ҳолда белгиланади.