Аввал ўзбек тилини билинг, сўнгра хориж тилларини ўрганинг!

Тилимизда бир неча юз минг сўз бор. Инсон юз йил умр кўрса ҳам тилимизнинг бой имкониятларидан тўлиқ фойдалана олмайди.

Чунки ўзбек тили морфологияси бўйича бир фикрни юз хил услубда баён этиш мумкин.

Минглаб ифодалаш усулларининг ҳар бирида ўзига хос бўлган назокат ва гўзаллик бор. Нутқ соҳиби ана шу нафосатни билиши ва ундан моҳирлик билан фойдаланиши зарур. Бу кўникма эса кўп ўқиш ва луғатлардан фойдаланишни талаб қилади.

Ҳозирги кунда ёшларимизнинг жаҳон тилларини ўрганишига қизиқиши ортиб бормоқда. Бунинг учун деярли барча шарт-шароитлар яратилган. Тилни юқори даражада ўзлаштириш учун олийгоҳлар сонининг кўпаяётгани, ёшларнинг интилиши албатта, яхши натижа. Қувонарлиси, бугун чет элдан келаётган турли тил вакиллари учун ҳам гидлар сони кўпаймоқда. Ҳатто, сайёҳлар томонидан ҳам таржимонларнинг тил билиши, муомаласи, хизмати юқори баҳоланяпти.

Ўзим Самарқанд шаҳри марказида экскурсоводлик қиламан. Фаолиятим давомида ўзбек тилининг бой имкониятларига мурожаат қиламан. Шунга кўра инглиз ва бошқа тилларда гаплашиб, сайёҳларга керакли маълумотларни етказаман. Демоқчиманки, аввало, ўз тилини, сўнгра бошқа тилларни билган кишига кўплаб имкониятлар эшиги очилади. Бундан фақат унумли фойланилса кифоя.

Дилноза Ғаниева,

Регистон ансамбли гид экскурсоводи.