Айбни ўзингдан қидир
Мен билан бирга институтни битирганларнинг ҳаммаси ойлик маоши катта лавозимларга кўтарилиб кетишди. Фақат мен судралиб юрибман.
Ўғлининг ёш боладек инжиқлиги Ашраф бувага ёқмади. Ўтирган жойида бир қўзғалиб олди-да, Иззатга қараб тутоқиб кетди:
– Хўш, сабаби нимада?
– Билмайман, ота, билмайман!
– Билмайсанми? Мен биламан. Ёшинг қирққа қараб боряпти. Институтни битиргандан буён ишламаган жойинг қолмади. Қўниминг йўқ. Бирининг униси, бирининг буниси ёқмайди. Эндигисининг ойлиги кам бўлиб қолдими? У ерда бир сен ишламаётгандирсан, бошқалар қаноат қилаётган маош сенга камми? Сен аввал ишчанлигинг, ақл-фаросатинг, кўрсатма беришларини кутиб ўтирмай, топширилган вазифани ўз фаҳминг билан мустақил бажара олишингни кўрсат. Шунга қараб, баҳо беришади. Хафа бўлма-ю, айбни, сабабни аввал ўзингдан қидир. Юриш-туришинг, фаолиятингни тафтиш қилиб кўр. Сенга бир ривоят айтай, мағзини ўзинг чақиб кўр.
Қадимда бир бой иккита хизматкор ёлламоқчи бўлибди. "Хизмат ҳақингизни ишингизга қараб тўлайман", – дебди. Уларнинг фаҳму фаросати, ишчанлигини синаб кўриш учун бирини карвонсаройга, карвоннинг келган-келмаганлигини билишга юборибди. Иккинчисига эса боққа бориб, боғбондан дала ишлари қачон бошланишини аниқлаб келишни буюрибди.
Биринчи хизматкор карвонсаройга карвон қўнгани, қаердан, қандай мол олиб келгани, савдогарларнинг исми шарифи, шаҳарда неча кун туриши, маҳаллий бойлар билан қанақа моллар алмашиниши мумкинлиги ва ҳоказо икир-чикиригача билиб келибди.
"Баракалла", – дебди бой хурсанд бўлиб ва унинг ойлик иш ҳақини юз танга қилиб белгилаб қўйибди.
Боғбоннинг олдига юборилган иккинчи хизматкор ҳам етиб келибди. У боғбоннинг дала ишларига "Ҳали эртароқ", – деганини айтибди.
– Токларни қачон очса бўларкан? – сўрабди бой.
– Билмадим, – дебди хизматкор.
– Бориб билиб кел, – буюрибди бой.
Хизматкор боққа кетибди ва халлослаб қайтиб келибди.
– Хўш? – дебди бой.
– Шафтоли гуллагач, токларни очаверса бўларкан.
– Шафтоли қачон гулларкан? – сўрабди бой.
– Билмадим!
– Бориб билиб кел! – буюрибди бой.
Хизматкор яна боққа югуриб кетибди. Қайтиб келгач, бой унинг ойлик иш ҳақини эллик танга қилиб белгилабди. У шеригининг иш ҳақи нега юз танга, ўзиники эллик тангалиги сабабини сўрабди.
– Шеригинг топшириқни бир боргандаёқ бекаму кўст бажариб келди. Сенинг эса бунга фаҳминг етмади. Топшириқни бажариш учун бир неча марта сарсон бўлдинг, – дебди бой.
– Ота, жа олиб қочасиз-да гапни, – норози бўлди Иззат.
– Айтдим қўйдим-да, – деди Ашраф бува соқолини силаб.
Иззат ўрнидан туриб, ўйчан ҳолда чиқиб кетди.
Тоғаймурод ШОМУРОДОВ.