Айни пайтга қадар 86 нафар бемор коронавирусдан тузалиб, жами соғайганлар 707 нафарни ташкил этмоқда
Фарғона вилоят юқумли касалликлар шифохонасида коронавирус инфекциясига чалинган 22 нафар, Қорақалпоғистон Республикаси юқумли касалликлар шифохонасида 10 нафар бемор бутунлай соғайди.
Фарғонада соғайганларнинг 19 нафари чартер рейс орқали Туркиядан, 1 нафари Мисрдан ва яна 1 нафари Прага шаҳридан Фарғонага келишган бўлиб, карантинга олинган. Коронавирус инфекцияси тасдиқлангач, улар вилоят юқумли касалликлар шифохонасига жойлаштирилган. Бир нафар фарғоналик бемор коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, касалликни юқтирган. Улардан 9 нафари Тошкент шаҳридан, 5 нафари Қашқадарё вилоятидан, 2 нафари Тошкент вилоятидан, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Жиззах, Андижон, Фарғона ва Сирдарё вилоятларидан 1 нафардан. Беморларнинг 10 нафари эркак, 12 нафари аёллар бўлиб, улар орасида энг ёши каттаси 49 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 16 ёшда.
Вилоят юқумли касалликлар шифохонасидан шу пайтга қадар 30 нафар бемор соғайган бўлса, эндиликда улар 52 нафарга етди.
Қорақалпоғистонда соғайганларнинг 1 нафари Фарғона вилоятидан, 9 нафари Қорақалпоғистондан (7 нафари Нукус шаҳридан бўлса, Қўнғирот ва Кегейли туманидан 1 нафардан) бўлиб, барчаси коронавирусга чалинганлар билан мулоқот орқали юқтириб олишган. Беморларнинг 3 нафари эркак, 7 нафари аёл бўлиб, улар орасида энг ёши каттаси 42 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 12 ёшда. Самарали даволаш муолажалари туфайли бугунги кунда лаборатория текширувлари уларнинг дарддан бутунлай фориғ бўлганини кўрсатди.
Пойтахтимиздаги Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти клиникасидан 2 нафар, Хоразм вилояти юқумли касалликлар шифохонасида 16 нафар коронавирус инфекциясига чалинган беморлар бутунлай соғайди. Улар республика ва вилоят соғлиқни сақлаш соҳаси масъуллари иштирокида реабилитацияга кузатилди.
Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти клиникасида соғайганлардан 1 нафари (4 ёшли бола) Тошкент шаҳридан бўлиб, коронавирус инфекциясига чалинган беморлар билан мулоқот орқали касалликни юқтириб олган. Яна 1 нафари (40 ёшли эркак) Бухоро вилоятидан бўлиб, Россиядан чартер рейсда келган. Ушбу клиникада шу пайтга қадар 68 нафар бемор соғайган бўлса, эндиликда улар 70 нафарга етди.
Хоразм вилоятида соғайганларнинг 15 нафари жорий йил 22 март куни Россиядан чартер рейс билан келишган ва карантинга олинган. Коронавирус инфекцияси тасдиқлангач, вилоят юқумли касалликлар шифохонасига жойлаштирилган. Қолган 1 нафари эса коронавирус инфекциясига чалинган беморлар билан мулоқот орқали касалликни юқтириб олган. Улардан 15 нафари эркак, 1 нафари аёлдир. Беморлар Қорақалпоғистон Республикаси ва Қашқадарё вилоятидан 3 нафардан, Тошкент, Хоразм вилоятлари ва Тошкент шаҳридан 2 нафардан, Наманган, Бухоро, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларидан 1 нафардан. Улар орасида энг ёши каттаси 54 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 22 ёшда.
Шундай қилиб, бугун айни пайтга қадар 86 нафар бемор тузалиб, мамлакатимиз бўйлаб коронавирус инфекциясидан бутунлай соғайган беморлар 707 нафарни ташкил этмоқда, дея маълум қилди ССВ матбуот хизмати.