Аёл киши қандай ҳоким бўлиши мумкин?

Самарқандда сенатор Г.Алимова, вилоят ҳокимининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси С.Жумаева иштирокида вилоятда гендер тенгликни таъминлаш борасида олиб борилаётган ишларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Вилоятда фаолият кўрсатаётган оммавий ахборот воситалари ходимлари, блогерлар қатнашган анжуманда гендер тенглик бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди. 

Таъкидландики, мамлакатимизда гендер тенглик бўйича 20 га яқин норматив ҳужжатлар қабул қилиниб, ҳар бир қонун ҳужжати гендер экспертизасидан ўтказилади. Республика миқёсида жорий йил давомида 404 нафар аёллар ички ишлар идораларига ҳимоя ордери сўраб мурожаат қилган, уларнинг энг кўпи Тошкент вилояти, энг ками Қорақалпоғистон Республикасига тегишлидир. Зўравонликка учраган аёлларнинг катта қисми руҳий зўравонликка учраганларни ташкил этмоқда. 

- Мамлакатимизда хотин-қизларнинг ўз имкониятларини тўлақонли рўёбга чиқаришлари учун барча шарт-шароитни таъминлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилди, - деди вилоят ҳокимининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Сайёра Жумаева. – Айни пайтда халқ депутатлари вилоят Кенгашида 21 нафар (35 фоиз), туман (шаҳар) Кенгашларида 129 нафар (26,9 фоиз) аёллар депутатликка сайланган. Вилоятимизнинг турли соҳаларда раҳбарлик лавозимларида 1845 нафар хотин-қизлар фаолият кўрсатиб келмоқда. 

Вилоятда кейинги 3 йил давомида 2073 нафар оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган, ногиронлиги бўлган хотин-қизларнинг бандлиги таъминланди. Ўтган 4 йил давомида ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бўлган 800 дан ортиқ хотин-қизлар ва оилалар уй-жой билан таъминланди. 

Вилоят маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси ҳамда ички ишлар бошқармаси ҳамкорлигида шу йил 20 сентябрдан 20 октябргача вилоят миқёсида “Тазйиқ ва зўравонликка қарши курашиш ойлиги” деб эълон қилинди ва маҳаллаларда махсус профилактика ишлари амалга оширилди. Ушбу тадбир давомида тазйиқ ва зўравонликка учраган 717 нафар хотин-қиз аниқланиб, уларга ҳимоя ордерлари берилди. 

Анжуман давомида бу каби ишлар доимий равишда такомиллаштириб борилаётгани таъкидланди. Журналистлардан «Аёл қандай ҳоким бўлиши мумкин?» мазмунидаги савол ҳам бўлди. «Ёшлигидан ўз олдига мақсад қўя олиши ва унга интилиши керак, муҳими шу», деб жавоб берди Каттақўрғон шаҳар ҳокими, сенатор Г.Алимова.