Ҳокимга нега “шантаж” уюштиришган эди?
Каттақўрғон аҳли ўз ҳокимини супермаркет ё бозорда, рўзғорига бозорлик қилаётганини кўриб ҳайратланмайди. У истаган пайти, турли ташкилотларга тўсатдан бориб, ҳақиқий аҳволни ўрганиши ҳам ҳеч кимга сир эмас. Ҳалол ишламайдиган ходимни аяб ўтирмаслиги ҳам аён бўлиб қолган. Оммавий ахборот воситалари-ю ўзининг матбуот хизматидан фаолиятини очиқ ёритишни талаб қилган ҳам ҳокимнинг ўзи бўлади.
Мана икки йилдирки, каттақўрғонликлар ўз раҳбарини нафақат ҳоким, балки ҳудудда катта ўзгаришларни амалга оширган фидойи инсон сифатида алоҳида ҳурмат билан тилга олишмоқда. Бугунги суҳбатдошимиз – Каттақўрғон шаҳар ҳокими, сенатор Гавҳар Алимова билан аёл ҳоким сифатида дуч келган муаммолар, ҳудуддаги ўзгариш ва янгиланишлар ҳақидаги фикрлари билан қизиқдик.
- Ҳоким бўлиш ёшлигингизда ҳеч хаёлингиздан ўтганми?
- Шундай хаёллар бўлган. Самарқанд туманида биттагина ҳоким опа фаолият юритарди, у киши ҳақида ҳамма биларди. У кишига кўпчилик ҳавас қиларди. Жумладан, мен ҳам. Тўғри, болаликда турлича орзулар бўлади ва кўпчилик болалар сингари мен ҳам аввалига ўқитувчи бўлиш ҳақида ўйлаганман. Аммо йиллар ўтиб, мақсадларим катталашган, ўзим туғилиб ўсган Жомбой туманига фойдам тегадиган даражадаги одам бўлсам, деган хаёлларда бўлганман.
- Ёшлик йилларингиздаги мақсадлар амалга ошиб, манна, бугун Самарқанддаги икки шаҳардан бири, яъни Каттақўрғон шаҳрида ҳокимсиз. Айтингчи, аёл ҳоким сифатида сизни каттақўрғонликлар қандай кутиб олди?
- Биласизми, Каттақўрғонда аёлларга ўзгача бир муносабат бор экан. Республика миқёсидаги ташкилотларда фаолият юритганимда Наманганда ҳам шундай ҳолатга дуч келгандим. У ерда аёлларга ҳурмат билан «Ойим» деб мурожаат қилишаркан. Каттақўрғонда эса «Мулла опа» дея аёлларни эъзозлашганига гувоҳ бўлдим. Азалдан аёллари қадрланиб, уларга нисбатан бошқача эҳтиром кўрсатиларкан бу ерда. Шунинг учун бўлса керак, ҳоким бўлиб келган пайтимда Каттақўрғон аҳли мени ўзгача бир илиқлик, янгиланишларга ишонч билан кутиб олди.
Тўғри, келганимда, икки-уч ой давомида жуда кўп қийинчиликлар бўлди. Муаммолар жуда кўп эди. Қолаверса, айни пандемия, карантин эълон қилинган кунлари иш бошлаган эдим. Ҳар куни ҳокимият олдида камида ўн беш чоғли одам турли муаммолари билан йиғилиб турарди. Уларнинг ҳаммасини бирма-бир ўрганар, қўлдан келганча ёрдам беришга ҳаракат қилардим. Биласизми, ишга келганимда ҳокимлик бюджетида бор-йўғи 2 миллион сўм маблағ бор эди.
- Кўп қийинчилик бўлди, деяпсиз, баъзиларини айтиб бера оласизми?
- Ёрдам сўраб келувчилар оқими тўхтамасди. Бюджетда юқорида айтганимдай озгина пул. Нима қилиш керак? Биласизми, одамлар билан самимий мулоқот жуда кўп нарсаларни ҳал қилиши мумкин. Ишни бошлаганимда биринчи навбатда зиёлилар, асли каттақўрғонлик, аммо турли ҳудудларда меҳнат қилаётган фаоллар, ҳожи ота, ҳожи оналарни навбати билан чақирдим. Шаҳарни ривожлантириш учун уларнинг таклиф-мулоҳазаларини эшитдим. Яхши биласиз, Каттақўрғон нафақат ҳунарманд, тадбирли одамлари, балки зиёли инсонлари билан ҳам машҳур. Жуда яхши таклифлар билдирилди, уларнинг ҳаммаси режа қилиб олдим.
Тизимли режаларни вилоят, республика миқёсига олиб чиқдик. 2020 йилда Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева ўзлари келиб, шаҳардаги вазият билан танишдилар. Қолаверса, вилоят ҳокимининг ўзлари ҳам бир неча марта ташриф буюриб, Каттақўрғон шаҳридаги муаммолар билан қизиқди ва уларни ҳал қилиш учун дастурлар ишлаб чиқилди. Кўп ўтмай, шаҳарда кўзга кўринарли ўзгаришлар содир бўла бошлади. Йўл қурилиши, ичимлик суви таъминоти, шаҳарда илк бор 12 қаватли уйлар қурилиши ва аҳолининг 50 йиллик орзуси бўлмиш САмДУ филиали ташкил этилиши каби катта ишлар амалга оширилди.
- Лекин буларнинг ҳаммасини амалга ошириш катта маблағ, дегани. Юқорида ҳокимлик бюджетида бор-йўғи 2 миллион сўм бор эди, деяпсиз?
- Тўғри, бундай катта ишлар албатта республика, вилоят бюджетидан ажратиладиган ёрдам билан амалга оширилди. Барча ишлар аҳолининг фикр, талаб ва таклифларини инобатга олган ҳолда, ҳалол ва виждонан амалга оширилди. Бундан руҳланган ахолининг ўзи ҳам ҳар бир бўлаётган ўзгаришларга, ободончилик ишларига бефарқ қараб турмай, ўз ҳиссасини қўша бошладилар. Бунёдкорлик ишлари ҳамжиҳатликда олиб борилди.
- Ҳалоллик ҳақида айтиб ўтдингиз. Ҳалол ишламайдиган ходимларингизга чора кўрган пайтларингиз ҳам бўлдими?
- Афсуски, бўлди. Тўрт-беш нафар ходимнинг виждонсизлик қилгани, ҳар бир ишдан ўз фойдасини кўзлаб иш юритганини сезиб қолдик ва дарҳол хайрлашдик. Баъзиларига имкон бердик, аммо яна ўшандай ишларини давом эттирди. Бошқа иложи йўқ экан, ҳалол ишламайдиган ходим билан дарҳол хайрлашиш керак экан.
- Ҳоким бўлиб келганингизда моддий қийинчиликлар, уларни ҳал этишдан ташқари яна қандай муаммоларга дуч келдингиз?
- Агар очиқ айтадиган бўлсам, жиддий “шантаж”лар бўлди. Бу ҳақда батафсил айтиб бера олмасам-да, аммо бир гуруҳ ўзига етарлича моддий таъминланган кишилар томонидан баъзи шартлар қўйилиши, яъни шантажлар бўлди. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликда бу масалага нуқта қўйдик.
Қолаверса, аҳоли орасида тинимсиз шикоят қиладиган маълум бир тоифа кишилар қатлами пайдо бўлди. Уларга қанча ёрдам кўрсатилмасин, арзимаган баҳоналар билан республика миқёсидаги ташкилотларга чиқа бошлади. Уларнинг хонадонига бориб, масалани очиқ қўйдим. “Барча қариндош, маҳалла-кўйни чақиртирамиз. Оилангизга кўрсатилган ёрдам ҳақида ҳисобот берамиз, кейин улар олдида талабингизни айтасиз”, дея шарт қўйдик. Уялди, эл-юртдан ҳаё қилди. Тўғри, биз ҳукумат одамимиз, аҳолига қонун доирасида ёрдам беришимиз керак, лекин битта одамнинг инжиқлиги деб бошқа эҳтиёжманд инсоннинг ҳақини олиб беролмаймиз. Бунга йўл қўймаслигимиз керак.
- Сиз Каттақўрғон шаҳрига ҳоким бўлиб келганингиздан сўнг ҳудудда содир бўлган энг муҳим ўзгаришлар ҳақида айтиб беринг.
- Шаҳардаги ички йўлларнинг 50 фоизи жуда абгор ҳолатда эди, уларнинг 30 фоизи тўла таъмирланди, бу йил қолгани ҳам амалга оширилади. Шаҳарда биринчи марта 12 қаватли турар жойлар қурилди. Тарихда илк бор университет филиали ташкил этилди.
Қолаверса, ўтган йил давомида 63 та (46 та дастур доирасида 17 та дастурдан ташқари) инвестиция лойиҳалари ишга туширилиб, 202,2 миллиард сўм бўлган маҳаллий инвестиция маблағлари ўзлаштирилди ва 392 та янги иш ўрни яратилди. Шундан, маҳаллий бюджетга дастурлар доирасида қўшимча 45,1 млрд. сўмлик тушумлар туширилишига эришилди.
2021 йилда 8,9 миллион АҚШ долларилик экспорт амалга оширилди. Бугунги кунда худудий корхоналар томонидан ишлаб чиқарилаётган 24 хилдаги маҳсулотлар 10 та хорижий давлатларга экспорт қилинмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарори асосида Каттақўрғон шаҳрида иккита "Каттақўрғон Агросервис МТП" ва "Ингичка кони" АЖ кичик саноат зоналари ташкил этилган. Мазкур кичик саноат зоналарида умумий қиймати 46,1 миллиард сўм бўлган 11 та инвестиция лойиҳаси жойлаштирилган бўлиб, шундан 7 та инвестиция лойиҳаси ишга туширилди. Бунинг натижасида 100 нафарга яқин янги иш ўринлари яратилди.
Шуни алоҳида таъкидлашим керак, мазкур кичик саноат зоналарида жойлаштирилган инвестиция лойиҳалари томонидан асосий эътибор маҳаллийлаштириш дастури доирасида импорт ўрнини босувчи товарлар ишлаб чиқаришга ҳамда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни асосий қисмини экспортга йўналтиришга қаратилган.
“Оқ олтин” маҳалласидаги 54 та, “Нуробод” маҳалласидаги 57 та уй-жойлар таъмирланди. Жорий ва мукаммал таъмирлаш учун жами 1,5 миллиард сўм маблағ ўзлаштириш ҳисобига 10,6 километр ичимлик сув, 3 километр оқова сув, маҳаллаларда 5,2 километр электр тармоғи тортилиб, 249,0 млн. сўм маблағ эвазига 3 та трансформатор янгиланди.
Шунингдек, 1,7 км. газ қувурларини тортилиб, 2 та маҳаллада 3,1 км. йўллар асфальт қилинди, 4 км. масофадаги йўлларга шағал тош ётқизилди. Жами 8 та савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари барпо этилди. Режада 237 дона кўча ёритиш лампаларини ўрнатиш, 5,4 км. устунларга электр кабели тортиш ишлари режалаштирилган бўлиб, амалда 4,4 км. ирригация тармоқлари мукаммал таъмирланди ва 160 дона кўча ёритиш устунлари ўрнатиш ишлари амалга оширилган.
Бундан ташқари, жорий йилда 2 та маҳалла биноси “Обод маҳалла” дастури доирасида янгидан қурилиб, 4 та маҳалла биноси маҳаллий бюджет ва ҳомийлик маблағлари ҳисобидан янгидан қурилиб фойдаланишга топширилди.
Бугунги кунда шаҳар аҳолисининг 71,3 фоизи марказлашган ичимлик суви ва 41 фоизи марказлашган оқова хизмати билан таъминланган. Шаҳар “Сув таъминоти бўлими” тасарруфида 14 та сув иншооти ва 1 та оқова сувини тозалаш иншооти мавжуд.
Келгуси икки йилликда шаҳарнинг қолган 28,7 фоизини ичимлик суви ва 59 фоизини оқова сувлари тармоғи билан тўлиқ таъминлаш бўйича алоҳида лойиҳа ишлаб чиқилган бўлиб, бу лойиҳани “Жаҳон банки”нинг 66 миллион доллар кредит маблағлари доирасида 2022-2023 йилларда амалга ошириш кўзда тутилган.
- Шу йил шаҳарда амалга ошириладиган ишлар ҳақида аниқ манзили билан айтиб берсангиз.
- 2022 йил йил амалга оширилиши керак бўлган ишлар юзасидан аниқ, манзилли дастурларимиз бор. Қанча сув тармоғи созланишидан тортиб, қайси мактаб таъмирланиши, қайси иншоотлар қурилиши, қанча иш ўрни яратилиши белгилаб қўйилган. Уларнинг баъзиларига тўхталиб ўтсам.
2022 йилда Ингичка қўрғони Нуробод маҳалласи ҳудудида умумий майдони 20 гектар бўлган “Ургут” эркин иқтисодий зонасининг Каттақўрғон филалини ташкил этиш ва у ерда 11 та лойиҳани жойлаштириш ҳисобига 53,0 миллион доллар миқдорида инвестициялар ўзлаштириб, 600 та янги иш ўринлари яратиш режалаштирилган.
Шунингдек, умумий майдони 7,2 гектар майдонда янги 5 та кичик саноат зонаси ташкил этиш режалаштирилган бўлиб, уларда 12 та лойиҳа жойлаштирилиши ҳисобига 100 дан ортиқ янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилган.
Ижтимоий соҳаларда қатор янги объект ва хизматлар ишга туширилиши мўлжалланган. Хусусан, 5-8-сон давлат мактабгача таълим ташкилотларини реконструкция қилиш учун республика бюджети маблағлари ҳисобидан 9,1 миллиард сўм ажратилади.
“Обод маҳалла” давлат дастури бўйича Абдулла Қаҳҳор маҳалласида 90 ўринга мўлжалланган янги давлат мактабгача таълим ташкилоти қуриш, “Яккабоғ” маҳалласида жойлашган 15-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотини таъмирлаш кўзда тутилган.
Каттақўрғон шаҳрида марказлашган туманлараро юрак қон томир касалликларини эрта аниқлаш учун диагностика маркази қуришга
566,0 миллион сўм маблағ ажратилиб, 2022 йилда қурилиш ишлари тугатилди ва компьютер томография аппарати ўрнатилиб, аҳолига хизмат килиш учун очилиши режалаштирилган.
Шунингдек, 2022 йилги Инвестиция дастури доирасида оилавий поликлиника қуриб фойдаланишга топшириш режалаштирилган.
- Дастурни кўздан кечирганимда уч саҳифалик, аниқ маълумотларга кўзим тушди. Уларнинг барчаси ҳақида шаҳарнинг расмий электрон манбаларида маълумотлар бор ва бу ҳақда аҳоли истаган пайт хабардор бўлиши мумкин, шундайми?
- Албатта. Ҳокимликнинг расмий сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида шаҳар ҳаёти билан боғлиқ маълумотлар доим жойлаштириб борилади. Кези келганда айтиб ўтай, Каттақўрғон шаҳар ахборот хизмати фаолияти бўйича республикада кучли бешталик ичида. Бу – фаолиятимизнинг доим очиқ, шаффофлигидан дарак беради.
Гулруҳ Мўминова суҳбатлашди.
Суратлар ва видео тасвир муаллифи Бахтиёр Мустанов.