Жамиятда матбуотнинг ўрни қандай?

“Каттақўрғон тонги” газетаси ва Самарқанд давлат университети Каттақўрғон филиали ташаббуси билан 3 май - Жаҳон матбуоти эркинлиги куни муносабати билан шу мавзуда конференция ўтказилди.

Каттақўрғон шаҳрида ташкил этилган тадбир аввалида мутахассислар томонидан филиал талабаларига ахборот ва сўз эркинлиги, ахборот асрида нималарга эътибор бериш, ёлғон ахборотни қандай фарқлаш каби мавзуларда қизиқарли маълумотлар берилди. Ўз навбатида филиалда журналистикага қизиқувчи ёшлардан тузилган "Журналист мактаби" аъзолари фаол қатнашиб, ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олди.

Анжуманнинг иккинчи қисмида шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова иштирок этиб, мамлакатимизда оммавий ахборот воситалари, матбуотнинг жамиятдаги ўрнини ошириш, журналистларни қўллаб-қувватлаш йўлидаги ишлар ҳақида сўз юритди. Шунингдек, Каттақўрғонда матбуотни ривожлантириш учун қилинаётган ишлар, бу ерда фаолият юритиб келаётган ижодкорлар, журналистлар меҳнатини эътироф этди. 

Тадбир доирасида филиалда журналист ва блогерлар учун пресс-тур ташкил этилди. Маълумотларга кўра, филиалда 2513 нафар талаба таълим олмоқда. Жумладан, 21 та таълим йўналиши бўйича кундузги таълимда 2177 нафар, сиртқи таълимда 336 нафар талаба ўқимоқда. 

Шунингдек, филиалда 84 та ўқув хонаси, 6 та компьютер хонаси, фаоллар зали ва 700 ўринли иккита талабалар турар жойи мавжуд. 

Тадбирда журналист ва блогерларга Регистратор офиси, роботатехника маркази, ахборот-ресурс маркази, "Ёш мусаввир" тўгараги кабилар таништирилди. Масалан, Ахборот ресурс марказида 10 мингга яқин адабиёт бўлиб, уларнинг электрон шакли расмий веб-сайтга жойлаштирилган ва талабаларнинг ундан фойдаланиши учун иккита ўқув хонаси ташкил этилган.

Роботатехника марказида ёш дастурчилар томонидан боғча болаларига чет тилини ўргатувчи қурилма, таълим соҳасида гаплашувчи робот яратиш устида ишланяпти. 

Ҳали фаолият бошлаганига кўп бўлмаган мазкур олий таълим даргоҳида талабаларнинг замонавий таълим олиши учун барча шарт-шароитлар яратилган.

Шундан сўнг иштирокчилар "Каттақўрғон тонги" газетаси ҳамда "Tong.uz" сайти таҳририятида бўлиб, бу ерда журналистларга яратилган шароитлар билан танишди. 

Тадбир якунида газетанинг масъул котиби Ҳамидулло Хушвақтовнинг 70 йиллиги муносабати билан унинг ҳаёти, журналистика соҳасидаги фаолияти ҳақида сўз юритилиб, хизматлари эътироф этилди. Ташаккурнома ва эсдалик совғаси билан тақдирланди. Шунингдек, матбуот ва ОАВ фаолиятини қўллаб-қувватлаётган, фаол ҳамкорликда иш олиб бораётган ташкилотлар раҳбарлари ҳамда журналистларга таҳририятнинг ташаккурнома ва эсдалик совғалари тақдим этилди. 

Хуршида Эрназарова.