Аёл қандай қилиб иш топиши мумкин?

Жамиятда оила манфаати, фаровонлиги учун меҳнат қиладиган аёлларни кўп учратиш мумкин. Аммо айрим аёлларнинг икки-уч нафар фарзанди бўлса-ю таъминловчи сифатидаги ишонган "тоғи" бўлмаса, уларга осон тутиб бўлмайди. Қуйида аёллар қандай қилиб иш топиши мумкинлиги ва қаерга мурожаат қилиши ҳақида фикр юритамиз.
Классик иш топиш усули
Самарқанд вилоятида одамлар дидига мос иш топиш учун мурожаат қилиши мумкин бўлган бир нечта муассаса бор. Улардан бири - расмий муассаса сифатида фаолият юритаётган вилоят бандлик бош бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлинмаларидир. У ерга ҳар куни юзлаб одамлар иш излаб мурожаат қилади. Йил бошидан буён бандликка кўмаклашиш марказларининг ҳудудий бўлимларига 4,5 мингдан ортиқ фуқаро мурожаат қилган, лекин бу уларнинг ҳаммаси ҳам ўзига мосиш топди, дегани эмас.
Вилоят бандлик бош бошқармаси ишсизларни рўйхатга олиш, бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи Ислом Нарзуллаевнинг айтишича, сўнгги пайтларда интернет орқали иш топиш имконияти пайдо бўлгани қувонарли. Бир-икки йил аввал мамлакатимизда https://ish.mehnat.uz/иш қидириш платформаси ишлаб чиқилган эди. Унда ҳудуд ва соҳани танлаб, мутахассислик бўйича иш топиш имконияти туғилди. Айни пайтга келиб, электрон маълумотлар базасида вилоят бўйича 20 мингга яқин бўш иш ўрни мавжуд.
“Таниш-билишчилик” орқали иш топиш
Иш қидиришнинг бундай усули, кўпчилик фикрига кўра, бизнинг менталитетимиз билан боғлиқ. Балки шунинг учун ҳам жамиятда таниш-билишчилик туфайли яхши иш топиш мумкин, деган фикр шаклланган. Бу фикрниhttps://t.me/zarnews_uz/65522 телеграм каналида ўтказилган, 2000 дан ортиқ киши иштирок этган сўров ҳам тасдиқлади.
Сўров натижаларига кўра, респондентларнинг 62 фоизи иш топишнинг энг осон йўли “таниш-билишчилик” деб жавоб берган. Нисбатан камроғи (12 фоизи) - бандлик марказларини кўрсатган. Сўровнома остидаги шарҳлари мени айниқса ҳайратда қолдирди: кўпчилик иш топишни "пул + танишлар"га олиб бориб тақашган ва бу иш топишнинг энг самарали усули сифатида кўрилиши сир эмас.
Мардикор бозорида бир кунлик иш
Агар сиз "қора" ишчи бўлсангиз ва сизга эркин жадвалли бир кунлик иш керак бўлса, у ҳолда халқ орасида "мардикор бозори" деб аталувчи кунлик меҳнат бозорига боришингиз мумкин. Айнан шу ерга одамлар ўз хизматини таклиф қилиб, қўшимча пул топишга тайёр туришади. Самарқанд вилоятида тўртта шундай меҳнат бозори мавжуд.
Жорий йилда кунлик меҳнат маркази раҳбарияти томонидан ишчиларга қулайлик яратиш мақсадида “Менинг ишим” онлайн иловаси ишга туширилди. Унда кунлик, мавсумий ишчилар ва якка тартибдаги тадбиркорлар, жумладан, ёшлар, талабалар ва ногиронлар учун иш таклифлари нашр этилади.
- Ишчиларимизга қулайлик яратиш мақсадида платформани ишга туширдик ва барчани онлайн платформа маълумотлар базасига киритдик. Унинг ёрдамида иш берувчи аниқ тоифа танлаб, мутахассис ёки уста топади, – дейди Самарқанд бир кунлик меҳнат маркази директори Жамшид Салямов. – Ҳозирда онлайн платформада 400 дан ортиқ ишчиларимиз бор. Афсуски, бу ерда аёлларнинг профили деярли йўқ, чунки Самарқандда мардикор аёллар учун кунлик меҳнат маркази мавжуд эмас. Яна бир камчилик - бундай ишда эртага даромадбўлишига кафолат йўқлиги.
Чет элда иш қидириш
Агар юқоридаги усул муваффақиятсиз чиқса ва чет элга ишлашга қарор қилган бўлсангиз, унда Ташқи меҳнат миграцияси агентлигига мурожаат қилинг. Ишга жойлашиш ва чет элга қонуний чиқишни таклиф қилувчи бир нечта идоралар мавжудлигига қарамай, улардан бирортаси лицензияга ва табиийки, фуқароларни чет элга ишга юбориш ҳуқуқига эга эмас. Ҳозир фақат Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги хорижда ишга жойлаш билан шуғулланувчи ягона қонуний муассаса ҳисобланади.
Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Самарқандшаҳар бошқармаси бошлиғи Суннатилло Абдусаидовнинг айтишича, инсон омилини бартараф этиш мақсадида хорижда иш қидириш ҳам автоматик режимга ўтган, аммо тўлиқ эмас. Иш топиш ёки бўшиш ўринлари билан танишиш учун агентлик филиалига келиш шарт эмас. Буни Самарқанд вилоятида ишлайдиган https://t.me/sammigration телеграм канали ёки https://t.me/migratsiyaagentligi республика ресурсига обуна бўлиш орқали амалгаошириш мумкин. Бу ерда танлов ўтказаётган хорижий компаниялар кастинглари ҳақидаги эълонлар чоп этилади. Шунингдек, унда иш берувчининг талаб ва эҳтиёжларига мос мутахассисликлар ҳақида маълумотлар мавжуд. Маош ва яшаш шароити асосан жойида муҳокама қилинади.
Баъзи иш берувчи эълони остида анкеталарни қўшади ва ҳар ким сўралган ҳужжатларни илова қилган ҳолда, уни ҳам тўлдириши мумкин. Йил бошидан буён 120 нафарга яқин хотин-қиз, ўтган йили 295 мингдан ортиқ аҳоли иш топиш учун хорижга кетган.
Давлатдан ёрдам кутиш керакми?
Хотин-қизларни иш билан таъминлаш, жамиятдаги мавқеини юксалтириш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш оила ва хотин-қизлар билан ишлаш бўлимининг асосий вазифаси ҳисобланади. Бу борада қандай ишлар амалга оширилаётгани ҳақида вилоят ҳокимининг ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Зебинисо Раҳмоновадан сўрадик.
- Хотин-қизларни иш билан таъминлаш муаммоси ҳамон асосий масала саналади, – дейди З.Раҳмонова. – Самарқанд вилоятида 2 миллиондан ортиқ хотин-қиз истиқомат қилади, уларнинг 53,8 фоизи меҳнатга лаёқатли ҳисобланади, 727 минг нафари расман ишламайди ва атиги 9,8 фоизи ишлайди, 0,07 фоизи ишсизлик нафақасини олади. Ушбу номутаносиблик меҳнат бозорида аёлларнинг умумий сонига нисбатан анча кам эканлигини кўрсатади.
Ўтган йили вилоят иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётининг барча жабҳаларида хотин-қизлар фаоллигини ошириш бўйича комплекс Давлат дастури ишлаб чиқдик. Мазкур дастурнинг амалга оширилиши 2022 йилда вилоятда 94 минг 353 нафар ишсиз хотин-қизни иш билан таъминлаш имконини берди. Мазкур дастурга мувофиқ, 20 минг нафардан ортиқ хотин-қиз квоталар бўйича иш билан таъминланди, 7 минг нафарга яқин хотин-қиз жамоат ишларига жалб қилинди, 20 минг нафарга яқини кредит олди, 15 минг нафари малака ошириш курсларига ўтказилди. Бу етарли эмаслигини тушунамиз, лекин аёлларга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш учун кўпроқ имкониятлар яратиш мақсадида кичик бўлса-да, қадам ташлашга ҳаракат қилмоқдамиз.
Замира Болтаева.