Давр фидойилари: Аёлларга ҳаётни ўргатган тадбиркор
Тадбиркорлигини бор-йўғи 2 дона тикув машинасидан бошлаган ишбилармон аёл – пастдарғомлик Гулбека Қўчқоровани самарқандликлар яхши билишади. Ҳатто ўнлаб ишчилари-ю, тикув машинкалари билан кўчада қолган пайтлари бўлган.
Аммо ўзига бўлган ишонч туфайли Гулбека Қўчқорова бугун юзлаб хотин-қизларни иш билан таъминлади. Имконияти, шароити оғир бўлган юзлаб хотин-қизларга касбини ўргатди, бугун улар шуни ортидан нон топяпти. Мураккаб вазиятга тушиб қолган, қарийб кўчада қолган ўнлаб аёлларга ёрдам берди. Унинг ёрдами фақат нон-ош билангина ўлчанмади, у аёлларга бир ойга ё бир йилга етадиган эмас, бир умрга татийдиган ҳунар ўргатди. Бугун уларнинг кўпчилиги опани йўқлаб келади, яхшилигини унутмайди.
Гулбека Қўчқорова асос солган “Бека-Чарос” корхонасида 50 га яқин ишчи меҳнат қилиб, 90 турдан ортиқ кийим-кечаклар тайёрланмоқда. Вилоят Кенгаши депутати сифатида тадбиркор аёллар, ўзи сайланган ҳудуддаги аҳоли муаммоларини ўрганиш, уларни ҳал этиш йўлида ўзига хос бир усулда ёндашмоқда.
-Тикувчилик шунчаки ҳунар эмас, деб ўйлайман, - дея кўп такрорлайди Гулбека Қўчқорова. – У аёл кишига ҳаётни, сабрни, турмуш синовларини мардонавор енгишниям ўргатади. Яратилган либослардан баҳраманд бўлиб, яратувчанликка ундайди. Яна пул ҳам келтиради.
Гулбека Қўчқорова депутат сифатида ўтган йил мобайнида сайловчилар билан учрашувларда тушган мурожаатлар юзасидан 10 га яқин ташкилотларга депутатлик сўровлари йўллаган.