Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Айрим вилоят ташкилотлари депутат сўровига ёзган жавоби ҳайрон қолдиради

  1. Сайлов округингизда 2020 йилда қандай лойиҳалар режалаштирилган? Улар ижросига киришилганми?

46-Пўлатчи сайлов округи Паст Дарғом туманидаги Қатор Терак, Ҳиндибой, Парчақора, Катта Найманча, Парча Чандир, Оқманғит, Манғитобод, Эски Жума, Кичик Найманча, Новчандир, Қуқони, Қаровултепа, Синчи, Қорағуппа, Жағалбойли, Бешбола маҳалла фуқаролар  йиғинидан иборат. Юқорида номлари келтирилган МФЙларнинг ҳар бирида депутат қабулхоналарини ташкил этдим. Шунингдек, телеграм ижтимоий тармоғида махсус гуруҳ тузиб, маҳалла раислари ва сайловчиларим билан онлайн алоқани йўлга қўйганман. Натижада округ ҳудудидаги барча масалалардан ўз вақтида хабардор бўлиб, кўтарилган масалаларни ҳал этиш юзасидан депутатлик назоратини ўрнатиб бораяпман.

Сайлов округим ҳудудида 2020 йилда саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизматлар соҳаларида амалга ошириладиган бир қатор инвестиция лойиҳалари режалаштирилган бўлиб, Қўқони, Жағалбойли, Парчақора МФЙларида жорий йилда 6 та лойиҳа амалга оширилди. Умумий қиймати 40,9 миллиард сўмлик 6 та инвестиция лойиҳалари амалга оширилиши натижасида 137 та янги иш ўринлари яратилди.

 

  1. Депутат сифатида бевосита ўзингиз сайланган сайлов округида маҳалла ёки меҳнат жамоасида қандай тадбир ўтказдингиз?

Депутат – халқ вакили ҳисобланади. Шундай экан ўз сайланган округида мунтазам равишда сайловчилар ҳолидан хабар олиши, уларнинг дардини, муаммоларини эшитиши зарур. Шу сабабли тез-тез сайлов округим таркибидаги МФЙларида турли хил учрашувлар, тадбирлар ўтказиб келаяпман. Ўтказилаётган учрашувлар Пандемия шароитидан келиб чиқиб, сайлов округларида санитария қоидалари ва нормаларига тўлиқ риоя этган ҳолда ўтказилмоқда.

Ҳозирги пандемия даврида аҳолини вақтинча ишламаётган ва ёрдамга муҳтож оилаларни аниқлаб, уларни манзилли асосда озиқ-овқат ва дори-дармон билан таъминлаш, иш билан таъминлаш, иш ўринларини яратиш кўламини янада кенгайтириш каби ғояларни илгари сўриш инсонпарварликнинг ёрқин намунасидир. Округ ҳудудидаги Эски Жума, Катта Найман ва Олмазор МФЙларида истиқомат қилаётган 15 нафар ногиронлиги бор, эътиборга муҳтож фуқаролар ҳолидан хабар олинди.

 

  1. Сиз томонингиздан юборилган охирги депутатлик сўровининг мазмуни ва натижасини шарҳланг.

Депутат этиб сайланганимдан буён ўтган даврда сайловчилар билан ўтказилган учрашувлар ва тадбирларда фуқаролар томонидан кўтарилган масалалар юзасидан 25 дан ортиқ депутатлик сўровларини тегишли ташкилотларга чиқариб, натижаси юзасидан мунтазам равишда назорат қилиб келаяпман. Депутатлик сўровлари асосан, сайловчилар томонидан тушган мурожаатларга кўра, электр энергияси, суюлтирилган газ баллонлари, ичимлик суви, йўлларни таъмирлаш ҳамда сим ёғочлар масаласида тегишли ташкилотларга юборилди.

Ташкилотларга юборилган сўровлар натижасида кўплаб масалалар ва муаммолар ўз ечимини топиб келмоқда. Аксарият масалалар туман доирасида ҳал этилди. Бироқ айрим ташкилотлар юборилган депутатлик сўровларига умумий тарзда дастурга киритилади, кейинги чоракда, кейинги йилда амалга оширилади тарзида жавоб беришига тушунмайман.

Сайловчилар манфаати юзасидан кўтарилган масаланинг ҳал этилишини сўраб депутат сўрови юборсак, жавоб хатида депутатдан амалий ёрдам сўраб жавоб хати ёзади. Депутат халқ вакили. Шундай экан, ҳурматли ташкилот раҳбарлари депутатлар томонидан юборилган сўровларга аниқ жавоблар юборишса, мақсадга мувофиқ бўлади.

 

Қосим ҚАРШИЕВ,

46-Пўлатчи сайлов округидан вилоят Кенгаши депутати.