Азалий қадриятлар тикланди

Азал-азалдан дўсту қадрдон бўлган, урф-одат ва анъаналаримиз уйғунлашиб кетган ўзбек ҳамда тожик халқлари ўртасидаги алоқалар янада мустаҳкамланди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳамда Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон томонидан икки давлат ўртасидаги самимий ва дўстона муносабатларни ривожлантириш бўйича олиб борилган саъй-ҳаракатлар туфайли ўзаро ришталарни янада мустаҳкамловчи яна бир саҳифа очилди.

Сир эмас, узоқ йиллар чегаралар ёпиқлиги боис икки халқ ўртасидаги яқин қўшнилик алоқалари узилиб, аҳоли 15-20 километрлик масофадаги биродарларини кўриш учун ўн баравардан кўпроқ йўл босиб, минг машаққат чекишига тўғри келарди. Худога минг қатла шукр, икки давлат раҳбарларининг ташаббуслари билан барча соҳада келишувга эришилиб, чегара тўсиқлари олиб ташланди. Авиаташувлар, темирйўл қатнови тикланди. Самарқанд – Панжакент оралиғидаги халқаро автомобиль йўли очилди. Чегаралардаги ўтказиш пунктларининг очилиши халқларимиз кўнглидаги иш бўлди.

Масалан, икки давлат чегарасидаги «Жартепа» ва «Саразм» ўтказиш пункти очилишига бағишланган тадбирларда вилоятимиз фаоллари, ёшлар, кўпни кўрган оқсоқоллар, жамоатчилик вакиллари, чегара ҳудудида яшовчи аҳоли иштирок этди. Меҳрнинг қанчалик танқислиги, дийдорнинг нақадар ширинлиги тадбир жараёнида яққол намоён бўлди. Тантанада сўз олган вилоят ҳокими Туробжон Жўраев, Суғд вилояти ҳокими Ражаббой Аҳмадзода масаланинг ушбу жиҳатига алоҳида эътибор қаратишди.

Умумий тарих, узвий маънавий қадриятлар, бир дарёдан сув ичиб, қардошлик ришталари боғлаб турган Самарқанд ва Суғд вилоятлари аҳолиси бир-бирига қучоқ очди. Бу ердаги ҳаяжонли лаҳзаларни, ота-онасини салкам йигирма йил кўрмаган, оға-иниси, фарзандининг дийдорига тўймаганларнинг интилишлари, бағриларига босишларини кўриб, ҳар қандай кишининг кўзидан ёш қалқди. Қисқа фурсатда ўнлаб, юзлаб фуқаролар ўз қариндошлари билан топишди.

Юраклардаги ҳаяжон, севинч, хуррамлик аслида ниманинг шарофати? Бу, аввало, давлатимиз раҳбарининг тинчлик, осуда ҳаётимизни таъминлашга қаратилган, келажакка катта умидлар уйғотадиган доно сиёсати меваси, деб ўйлайман. Меҳр-оқибатга тўла ҳаётдан эса диллар зиёга тўлади. Ана шундай меҳрли, дилларга мустаҳкам муҳрланиб қоладиган ишлар вилоятимизда изчил давом этаётгани қалбларимизни янада қувонтиради. Хусусан, Самарқанд шаҳрида ўзбек ва тожик адабиётининг икки буюк мутафаккири – Алишер Навоий ҳамда Абдураҳмон Жомий ҳайкали қисқа фурсатда – атиги ўн икки кун ичида ўрнатилганлиги, «Суғдиёна» боғи, Нуробод туманидаги Жом қишлоғини ва бошқа жойларни ободонлаштириш борасидаги олиб борилаётган қурилиш ишлари ҳар қандай кишини тўлқинлантирмасдан қолмайди.

Тинчлик, осойишталик қарор топган жойда тараққиёт, ўзгариш барқарор бўлиб, дўстларга кенг қучоқ очилаверади.

Ҳасан НОРМУРОДОВ,

«Эл-юрт ҳурмати» ордени соҳиби, «Нуроний» жамғармаси вилоят бўлими раиси.