Азим чинор япроқлари

2004 йилда Самарқанд давлат университетининг ўзбек филологияси факультетига ўқишга кирдим. Бизга талабалар номини ҳурмат ва озроқ ҳайиқиш билан тилга оладиган домла – профессор Ҳотам Умуров “Адабиётшуносликка кириш” фанидан дарс ўта бошлади. Домла доим тартиб-интизомни яхши кўрар ва барчани олий таълим муассасаси талабаси деган номга лойиқ бўлишга чақирарди.

Устоз ўша йилларда “Шалола” ижодий тўгарагининг ҳам раҳбари эди. Барча ижодкор талабалар мана шу тўгаракка қатнашар, шеърлари, ҳикояларини тўгарак йиғилишларида ўқиб бериб, таҳрирдан ўтказарди. Мен ҳам кичик шеърлар ёзиб турардим ва “Шалола” тўгарагида ҳаяжон билан ўқиб берар эдим.

Иккинчи курсда устозим ёнларига чақириб, ушбу тўгаракка мени сардор қилиб сайлаганини, энди иккимиз тўгарак йиғилишларини биргаликда ташкиллаштиришимизни айтди. Устозимнинг ишончи, мен учун жуда катта эътибор эди.

Магистратурани тамомлагунимча Устоз Ҳотам Умуров билан биргаликда “Шалола” ижодий тўгарагини бошқардим. Бу вақт мобайнида Ҳотам Умуров менинг бакалаврлик, магистрлик тадқиқотларимга раҳбарлик қилиб, илмнинг сир-саноатларини тушунтирди. Мен бакалавр ва магистратурадаги таълим давомида шеърият бўйича, унинг таҳлили бўйича илмий изланиш олиб бордим. Магистрлик диссертацияси ҳимоясида бағри кенг устозларим менинг келажакда илмий ишимни давом эттиришим кераклигини ва бу соҳада ҳар жиҳатдан ёрдам беришга тайёр эканлик­ларини айтишди. 2011 йилда университетга стажёр-тадқиқотчи (ҳозирда таянч докторантура) қабул қилиндим. Устозим менга яна шеърият бўйича илмий изланиш олиб боришим кераклигини уқтирди. Мен эса ­насрий йўналиш бўйича, қиссачилик бўйича мавзу беришини сўрадим. Шунда устозим: “Мафтуна, қизим, сиз шеърият бўйича илм қилишингиз керак. Чунки ўзингиз шеърлар машқ қиласиз. Руҳингиз, қалбингиз шеъриятга яқин. Сизга замонавий шеърият бўйича мавзу бераман”, деди. Мен устозимнинг бу эътирофидан кейин ўзимга ишончим янада ошиб, ўқиб-изланишда давом эта бошладим.

Домла мунтазам ойлик, йиллик аниқ режамизни талаб қилар, муддатини ҳам алоҳида тайинлар эди. Домла олдиларида ёру-биродарлари, дўстлари кўп бўлишига қарамай, алоҳида вақт ажратиб биз шогирдлар билан суҳбатлашарди.

Диссертация ёзиш жараёнида домла ўз қарашларимга собит бўлишга, ўзимнинг эркин фикрим, ғоям бўлиши ва шунинг билан бирга, ўзгаларнинг фикрларига ҳам ҳурмат билан қарашим лозимлигини ўргатди. Диссертациямнинг ҳимоясида айниқса, диссертация ҳимоясидан олдин бўладиган кенгаш қошидаги илмий семинар муҳокамасида устозим мендан зиёд ҳаяжонланди. Чунки тадқиқотим ўзбек модерн шеъриятига бағишланганлиги учун баҳс-мунозарага бой ўтди (Чунки бу шеъриятнинг ҳақиқий жонкуярлари бўлиши билан бирга, уни ёқламайдиган ғарбга кўр-кўрона тақлид деб билувчилар ҳам мавжуд эди.) Савол-жавоб ниҳоятда қизғин бўлди. Ҳотам Умуровнинг ишончи, эътибори туфайли диссертациямни муваффақиятли ҳимоя қилдим. Устозимнинг кўрсатмаларига амал қилиб кам бўлмадим. Бугун мен Ҳотам Умуровнинг таълими, оталарча самимий маслаҳатлари туфайли филология фанлари доктори (DSc) даражасига эришдим.

Устозларни чинорга қиёслагим келади. Дарҳақиқат, устоз катта бир чинор бўлсалар, унинг ҳар бир шохи, япроқлари шогирдлари, издошларидир. Ўша чинорнинг битта барги бўлганлигимдан фахрланаман.

Мафтуна ХОЛОВА,

Самарқанд давлат чет тиллар институти доценти, филология фанлари доктори.