Баҳор келаётир бизни сўроқлаб...
– Бойчечак, бойчечак, бойчечак!
…Ҳали қиш бўлса-да, баҳор ҳавосидан симириб, кўкламнинг ташриф буюрганини дилдан ҳис қилиб, ҳовлидан уйга киргим келмай турганди. Ҳовлимиздаги кичиккина еримизда тўрт-беш туп мевали дарахт, атиргул бор. Оиламиз билан дарахтларнинг ортиқча шохларини буташ, кўмилган атиргулларни очиб, тагини юмшатиш ишларини бошлаб юбордик.
– Дада, дарахтнинг остини юмшатишнинг нима фойдаси бор экан-а? – савол беради ўғлим.
– Чуқур нафас олгин-да. Хўш, нимани ҳис қилдинг?
– Тоза ҳавони.
– Бошқа фаслларда бундай ҳавони туя олмайсан. Дарахтларнинг илдизи ҳам шу ҳаводан нафас олса, гуркираб яшнайди.
Шу аснода кўчадан болакайларнинг яна овози эшитилди.
– Бойчечак, бойчечак!
Ие, ана бойчечак ҳам чиқибди-ку. Болаларнинг ёнига бориб, уларга пул узатаман. Афсуски, қўлида бойчечак кўтариб олган болажонлар бу ҳақдаги шеърни тузук билмас экан. Эгилиб турган бойчечакка разм соларканман, болаларга шеърини ёдлашни тайинладим. Беихтиёр ота-боболаримиз нега баҳорни, Наврўзни интиқлик билан кутгани, баҳор элчиси – бойчечакни бунчалик қадрлаши сабабларини излай бошладим.
Узун қиш тунлари, совуқ жондан ўтиб кетган, қуёш ўз ошиёнидан кам мўралайдиган кунлар… Ҳар бир кун синовли, ҳар дақиқада жонни омон сақлаш ҳақида қайғуриш. Бундай синовлардан сўнг кириб келган баҳорнинг илиқ тафти нафақат тан, балки руҳни ҳам яйратиб юборади. Илк очилган гул – бойчечакка матонатли сифатининг берилиши шундандир, эҳтимол. Кайфиятимиздаги баҳор таъсиридаги бу кўтаринкилик тун ва кун тенглиги – Наврўз айёмига қадар давом этади. Ўтган йили Ургут туманидаги қишлоқлардан биридаги Наврўз айёми ёдимга тушади.
– Ҳар йили қишлоғимиз аҳли мана шу тепаликда Наврўзни нишонлайди, – дея гапириб берганди ўшанда Ургут туманидаги Бешкон маҳалласининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси Зоҳида Элмуродова. – Кураш, хўроз уриштириш, арқон тортиш ўйинлари авжига чиқади, оналар лапар айтади, қизлар рақс тушади, келинлар камалакдек товланиб, бутун қишлоқ аҳлига салом беради. Хуллас, ҳеч ким бу айёмдан четда қолмайди, ҳамманинг ўз вазифаси бор.
Ҳақиқатан ҳам ям-яшил кенгликда бу томошанинг гашти бошқача бўларкан. Кейинги йилларда Наврўз айёмининг пойтахтимизда ҳам халқ сайли сифатида нишонланиши бежиз эмаслигини ўйлаб қолдим. Ахир неча юз йиллардан бери халқ сайли сифатида ўтказилади бу айём, неча асрлардан буён сайилларнинг томошабини ҳам, иштирокчиси ҳам бевосита шу халқнинг ўзи-ку. Қанча даврлардан ўтиб келган тайёр сценарийлар – томошаларга сайқал берилиши кўпчиликнинг кўнглидан жой олди.
Кечқурун телевизорни ёқарканмиз, илк хабар Президентимизнинг "2018 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида"ги Қарори бўлди. Қарорда Наврўз муносабати билан инсон ўзини табиат фарзанди, унинг ажралмас бир қисми деб ҳис этишини ифода этадиган, атроф-муҳитни, она заминни асраб-авайлашга, бугунги тинч, эркин ва фаровон ҳаётни қадрлаб, уни ҳимоя қилиб яшашга чорлайдиган маънавий-маърифий тадбирларни ташкил этиш белгилаб қўйилган. "Азиз ватандошлар, ҳар кунингиз Наврўз бўлсин!", – деган шиор эса мамлакатимиздаги буюк эврилишнинг ҳар лаҳзасида фуқароларга ғайрат ва шижоат ҳамроҳ бўлишига ишора.
Гулруҳ МЎМИНОВА.