Бажарилмаган иш учун ким жавоб беради?

     Вилоят ҳокимлиги ахборот хизматининг хабар беришича, Фарҳод қўрғони “Ширин” маҳалласида “Обод маҳалла” дастури ижроси юзасидан шаҳар прокуратураси томонидан ўтказилган текшириш якунлари шаҳар ҳокимлигида ўтказилган йиғилишда муҳокама этилди.

     Шаҳар прокуратурасининг тақдимномасида таъкидланганидек, дастурда кўзда тутилган ижтимоий соҳа объектларини қуриш ва таъмирлаш юзасидан белгиланган қурилиш ишлари сифатсиз бажарилган. Дастурга мувофиқ, 57-умумтаълим мактаби биносини реконструкция қилиш, 26-МТМ биносини қуриш, ичимлик суви иншоотини барпо этиш, шунингдек, "Чўпон­ота" маҳалласидаги мактаб, мактабгача таълим муассасасини мукаммал таъмирлаш, 6-оилавий поликлиника филиалини реконструкция қилиш кўзда тутилган эди. Шаҳар прокуратураси томонидан дастур ижроси ўрганилганда юқоридаги объектларни қабул қилиш далолатномалари тузилмаганлиги, қурилиш ишлари сифатсиз бажарилганлиги аниқланди. Жумладан, 57-умумтаълим мактаби биносининг девор сувоқлар кўчган, сув сақлаш иншооти атрофидаги темир панжара сифатсиз ўрнатилган, бинонинг иситиш тизими ва томида ҳам қурувчилар томонидан қатор камчиликларга йўл қўйилганлиги маълум бўлди.

     Йиғилишда тегишли масъул ташкилотлар раҳбарларига аниқланган камчиликларни тезкор бартараф этиш вазифаси юклатилди.