Коммунал соҳага оид муаммолар муҳокама қилинди
Самарқанд вилояти ҳокимлигининг бугун ўтказилган навбатдаги аппарат йиғилишида Президентимизнинг “Қишлоқ жойларда ва айрим тоифадаги фуқаролар учун арзон уй-жойлар қурилишини кенгайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Самарқанд вилоятида амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди.
Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати тақдим этган маълумотларга кўра, Самарқанд вилояти бўйича тасдиқланган дастурга биноан 1900 та кўп қаватли уйлар қурилиши режалаштирилган бўлиб, бунинг учун 270,5 миллиард сўм маблағ ажратилган. “Қишлоқ қурилиш инвест” МЧЖ томонидан бугунги кунда умумий қиймати қарийб 290 миллиард сўмлик қурилиш-монтаж ишлари бажарилиши натижасида 1662 уй фойдаланишга топширилди. 258 та уй-жойда қурилиш ишлари тез фурсатда ниҳоясига етказилади.
Муҳокама чоғида Самарқанд шаҳридаги кўп қаватли уйларда уй-жой мулкдорлари ширкатлари томонидан кўрсатилаётган хизматлар сифати, соҳадаги ҳолат акс эттирилган видеолавҳа намойиш этилди. Лавҳада кўрсатилган бузилган лифтлар, болалар ўйин майдончалари йўқлиги, сув тошиб кетган ертўлалар ва бошқа бир қатор масалалар юзасидан масъулларнинг ҳисоботи эшитилди.
Муҳокамада шаҳар аҳолисининг мурожаатларига ўз вақтида, тезкор ечим топилмаётгани, ижро муддати бузилаётганлиги сабабли такрорий мурожаатлар кўпаяётгани, коммунал соҳада кўрсатилаётган хизматлар бугунги кун талабига жавоб бермаслиги таъкидланди.