Қонун устувор бўлмаган жойда тартиб бузилади

Самарқанд вилояти ҳокимлигида вилоят ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармасида иш юритиш, ҳужжатлар билан ишлаш ҳамда ижро интизоми аҳволи тўғрисидаги масалага бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Йиғилишни вилоят ҳокими Э.Турдимов олиб борди.

Таъкидландики, Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 12 январдаги «Ижро интизомини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори юзасидан вилоят ҳокимлиги томонидан тузилган ишчи гуруҳ ижро интизомини ўрганиш мақсадида вилоят ер ресурслари ва давлат кадастр бошқармасида бўлди. Ўрганиш давомида бошқарма ҳамда вилоят ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонасида иш юритиш, ҳужжатлар ижроси, назорат тартиби каби йўналишлар ушбу қарор талаблари асосида йўлга қўйилмаганлиги аниқланди. Вилоят ҳокимининг қарор ва топшириқлари, фуқаролар томонидан қилинган мурожаатлар барча йўналишларда бир-бирига ўхшамас хато ва камчиликларга йўл қўйилган.

Девонхона бўлимида иш юритиш эскича услубдалиги сабабли айрим ҳужжатлар ижро этилмасдан қолган. Мазкур корхоналардан турли идораларга чиқарилётган хатлар, топшириқларнинг қонунийлиги таъминланмаган, қонунбузарликка йўл қўйилган.

Масалан, вилоят ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармасининг йиғма жилдлари номенклатураси ишлаб чиқилмаган. Натижада вилоят ҳокимлиги томонидан электрон ҳужжат айланиш тизими орқали 2018 йилда жами 1658 та, 2019 йилнинг 10 июнь ҳолатига жами 2374 та хат ва топшириқлар келиб тушган. Юборилган 1022 та ҳужжатга жавоб хатлари бириктирилмаган, 3010 та ҳужжатга «ижро тугмаси» босиб ёпилган ёки «маълумот учун қабул қилинди» деган мазмундаги хатлар бириктирилган.

Вилоят ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонасига электрон тизим орқали юборилган 809 дан ортиқ топшириқ ва хатнинг 644 таси умуман очиб кўрилмаган, 148 та ҳужжат ижроси бўйича маълумотлар киритилмаган. 17 та хат ва ҳужжат ижро этилди тугмаси босилиб ёпилган бўлса-да, жавоб хатлари, маълумотлар тизимга бириктирилмасидан назоратдан олиш тугмаси босилган.

Бундан ташқари, «Самарқанд вилоят ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармасига ташкилот, корхона ҳамда юқори турувчи органлардан келиб тушган хат ва мурожаатларни рўйхатга олиш китоби»да қайд этилган ҳужжатларнинг биргина жорий йилнинг 15 апрелидан 3 майигача бўлган вақт оралиғида 206 та ҳужжатнинг чиққан санаси, юқори ташкилот номи, мурожаатнинг қисқача мазмуни ва раҳбарнинг кўрсатмаси (резолюция) деган бандларига ҳеч қандай ҳолат ёзилмаган. 158 та ҳужжатнинг ижроси таъминланмаган бўлса, аксарият хатларга бир хил мазмунда ижро ва маълумот учун қабул қилинди», деган жавоб хатлари билан ижроси назоратдан чиқарилган.

Фуқаролар мурожаати бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналаридан келиб тушган жисмоний ҳамда юридик шахсларнинг мурожаатлари борасида ҳам камчиликларга йўл қўйилмоқда. Ўрганиш натижаларига кўра, 93 та мурожаат 15 кунга, 60 та мурожаат 30 кун муддатга асоссиз равишда бузилиб бажарилган. Ёки амалий ёрдам сўраб келган фуқаролар мурожаатларига кечиктириб жавоб хати юборилган. Вилоят ҳокимлигининг ариза ва шикоятлар бўлимига келиб тушган фуқаролар мурожаатининг 27 таси муддати ўтган бўлса ҳам ҳалигача ўз ижросини кутмоқда.

Шунингдек, йиғилишда қонун устуворлигини таъминланган ҳолда тизимда иш юритиш, ҳужжатлар билан ишлашда ижро интизомини тубдан яхшилаш, ер участкаларини узоқ муддатли ижарага беришда ҳокимликлар билан келишилган ҳолда иш олиб бориш, кадрлар сиёсатини амалга ошириш, уларни қонун ҳужжатларига мослаштириш каби масалалар муҳокама этилди.