Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Банкларда коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари қандай ташкил этилган?

Марказий банк вилоят бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Маъруф Ғаниев иштирокида матбуот анжумани ўтказилди. Унда тизимда коррупциянинг олдини олиш, уни келтириб чиқариши мумкин бўлган сабабларни барвақт аниқлаш ва бартараф этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўз борди.

- Марказий банк тизимида коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари ташкил этилган, -дейди М.Ғаниев. - Банк муассасаларига ишга қабул қилиш очиқ танлов асосида амалга оширилади. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш, харидларни амалга оширишда коррупциявий хатарларни аниқлаш ва бартараф этиш амалиётлари жорий қилинган. Пул ва ички валюта бозорларидаги операциялар тўлиқ бозор механизмлари асосида амалга оширилмоқда.

Банклар томонидан мижозларга хизмат кўрсатишда инсон омилини камайтириш, вақт сарфи, оворагарчилик ва қоғозбозликни чеклаш мақсадида рақамли идентификациялаш, автоматлаштирилган скоринг, кредит конвери, андеррайтерлар гуруҳи каби тизимлар ҳамда модулли кредит маҳсулотлари жорий қилинди. Қарз олувчиларнинг скорингини янада такомиллаштириш мақсадида банк ахбороти тизимлари бошқа давлат муассасалари маълумотлар базаси билан интеграцияси таъминланмоқда. Аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш мақсадида ажратилаётган кредитлардан фойдаланиш учун инсон омили қатнашмаган ҳолда www.oilakredit.uz ва www.biznesportal.uz портали орқали кредитлар олиш имконияти яратилди. Шунингдек, таълим кредити олиш истагидаги бўлган талабаларга ҳам www.ta’lim-kredit.uz порталлари орқали кредитлар ажратилиши таъминланди.

Банк пластик карталардан фойдаланувчи фуқароларга қулайликлар яратиш ва манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш мақсадида ўрнатилган банкоматлар сони 2022 йилда 929 донани ташкил этган бўлса, бу кўрсаткич 2023 йилда 1110 донага етди. 2024 йил 1 январь ҳолатига вилоятда фаолият кўрсатаётган 43 125 та юридик шахсларнинг 32 107 тасига (75 фоизи) банк-мижоз дастури орқали банк хизматларини кўрсатиш йўлга қўйилган.

Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ.