Барча абитуриентлар диққатига: эртадан қабул бошланади!
Эртага, 20 июнь куни 2021-2022-ўқув йили учун олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига абитуриентларни онлайн рўйхатга олиш бошланади. Бу ҳақда ДТМ хабар бермоқда.
Бунда абитуриентлар телефон рақамини авторизациядан ўтказиб, паспорт маълумотлари, доимий яшаш манзили ва тугатган таълим муассасаси бўйича маълумотларни киритишлари, шунингдек, имтиёзлари мавжуд бўлса, уларни текширишлари ҳамда чет тилидан миллий ёки халқаро сертификатга эга бўлса, сертификат маълумотларини киритишлари мумкин.
Таълим йўналишларини эса 2021-2022-ўқув йили учун ОТМларга квоталар белгиланиб, тиллар кесимида тасдиқланганидан сўнг танлаш мумкин бўлади. Эртага бундай имконият бўлмайди.
Aбитуриентларни рўйхатга олиш ДТМнинг my.dtm.uz сайти ва Ягона портал (my.gov.uz) орқали онлайн амалга оширилади.
Рўйхатга олиш 20 июлга қадар (20 июль куни ҳам) давом этади ва абитуриентлар 20 июлга қадар ўз маълумотларини ўзгартиришлари ҳамда чет тилидан миллий ёки халқаро сертификатга эга бўладиган бўлса, сертификат маълумотларини киритишлари мумкин бўлади.