Абитуриент-2023: Қўшимча квота доирасида кимлар танловда қатнашиш ҳуқуқига эга?
Ушбу саволга Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги Самарқанд вилояти шуъбаси ходими Баҳром Исломов жавоб берди.
- Навоий вилоятининг олис чўл ҳудудларида камида 3 йилдан бери яшаб келаётган абитуриентлар Навоий, Бухоро, Самарқанд вилоятларидаги ОТМларга ҳудудда 4 йил ишлаб бериш шарти билан грант асосида олинади;
- Узун тумани Боботоғ ҳудудидаги ёшлар учун Сурхондарё вилояти ОТМларининг педагогика ва тиббиёт йўналишларига қўшимча грант асосида квота ажратилади;
- Қуролли кучлар таркибига кирувчи вазирлик ва идоралар ҳарбий хизматчиларининг фарзандлари қўшимча 5 фоиз, Миллий гвардия ходимларининг фарзандлари қўшимча 2 фоиз, Божхона хизмати ходимларининг фарзандлари эса қўшимча 2 фоизли квота асосида танловда иштирок этади;
- ички ишлар органлари ходимларининг фарзандлари учун алоҳида 3 фоизли квота ажратилади, уларга бу квота доирасида танловда қатнашиш учун 3 йилга амал қилувчи сертификат берилади;
- ногиронлиги бўлган шахслар учун 2 фоизли квота ажратилади;
- меҳрибонлик уйлари битирувчилари бўлган чин етимларга ва SOS-болалар шаҳарчаси тарбияланувчиларига 1 фоизли квота ажратилади;
- ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизлар учун 4 фоизли квота ажратилади;
- ўрмончилар ва уларнинг фарзандларига ОТМларнинг тегишли йўналишлари учун қўшимча 20 фоизлик квота ажратилади;
- фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимлари тавсиянома асосида “Ижтимоий иш” йўналишига тўлов-контракт асосида қўшимча қабул кўрсаткичлари доирасида қабул қилинади;
- ҳарбий қисм қўмондонлиги тавсияномасига эга абитуриентлар ўзлари танлаган биринчи йўналиши бўйича танловда иштирок этади;
- ўрмончилар ва уларнинг фарзандлари;
- мутахассислиги бўйича камида 5 йил меҳнат стажига эга, лекин олий маълумотга эга бўлмаган хотин-қизлар;
- умумтаълим муассасаларида фаолият юритаётган, иш стажига ва олий педагогик маълумотга эга бўлмаган ўқитувчиларга (сиртқи таълимда);
- бундан ташқари, 2022-2023 ўқув йилидан бошлаб олий маълумотга эга бўлмаган ҳоким ёрдамчилари давлат ОТМларининг иқтисодий таълим йўналишларига Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг тавсиясига кўра давлат гранти асосида сиртқи таълим шаклига суҳбат асосида ўқишга қабул қилинади.
Шу ўринда таъкидлаш лозимки, мазкур имтиёзларни бериш ёки бекор қилиш Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги ваколатига кирмайди. Имтиёзларни бериш ваколатига эга вазирлик, қўмиталар томонидан уларнинг реестри юритилиб, Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги маълумотлар базасига юборилади. Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги мазкур реестрлардаги маълумотлар асосида кириш имтиҳонларида иштирок этган абитуриентларга келтирилган ҳужжатлари бўйича имтиёзлар қўлланилишини амалга оширади.
Хуршида Эрназарова ёзиб олди.