Амир Темур нега Рус ерларини забт этмаган?
1395 йилда Амир Темур Рус ерларига юриш қилишга қарор қилди. Эндигина қад ростлаётган Москва князлигини осонгина тор-мор этиши мумкин эди. Чунки Амир Темур империяси улкан ҳудудларни қамраб олган бўлиб, у фатҳ этган ерларда қирқ миллиондан ортиқ аҳоли яшарди. Рус ерлари эса у вақтда фақат Москва князлиги доирасида бўлиб, босқинчилар учун ҳеч қандай қизиқиш уйғотмасди. Унинг ҳудудларини вайрон қилиш, кейин эса уларни назорат остига олиш Амир Темурнинг режасида йўқ эди.
Саркарданинг Рус ерларига юриш қилишига айрим сабаблар бор эди. Унинг азалий душмани Тўхтамишхон Рус ҳудудларида яшириниб юрганди. Тўхтамишни ўрмон ва даштлардан қидириб юришни истамади. Қулайроқ йўлни танлаб, Рус бўйлаб ҳужум қилишни ният қилди. Тўхтамиш руслар тўлаган бож ҳисобига яшарди.
Соҳибқирон Рус чегараларига ярим миллион аскар билан келди. Мамлакат аянчли аҳволда бўлиб, душманга муносиб зарба бера олмади. Рус князликлари ўша пайтда атиги йигирма мингга яқин аскар тўплай олди. У пайтлар рус эркаклари қуролни маҳорат билан ишлата олмасди. Бунинг устига, Русда даҳшатли ўлат тарқалиб, аҳолининг ярми қирилиб кетганди.
Баъзи тарихчиларнинг фикрича, Русни айнан дипломатик алоқалар Амир Темур босқинидан қатқариб қолган. Князлар Соҳибқиронга қарши мудофааланмади, аксинча, унинг ҳузурига совға-саломлар билан махсус элчиларни юборди. Бундай содиқлик саркардани бироз иккилантириб қўйди ва режаларини ўзгартиришга мажбур қилди. Қолаверса, Амир Темурнинг Тўхтамишга бўлган адовати бегуноҳ халқни қириб ташлаш даражасида катта эмасди.
Тўхтамиш устидан қозонилган ғалаба бир томондан Темур давлатининг шимолий чегаралари хавфсизлигини таъминлаган бўлса, иккинчидан, рус шарқшунослари М.Соловьёв, В.Бартольд, А.Якубовскийлар таъкидлаганидек: «Темурнинг Тўхтамиш устидан қозонилган ғалабаси нафақат Марказий Осиё ва Шарқий Европа, балки Россия учун ҳам улкан аҳамиятга эга бўлди». “Темурнинг 1395 йилда Тўхтамишни тор-мор этиши ва ундан кейин Олтин Ўрда шаҳарларининг вайрон қилиниши унга (Олтин Ўрдага) тузатиб бўлмас зарба берди. Бу билан Темур объектив равишда нафақат Марказий Осиё, балки Рус учун ҳам фойдали иш қилди”.
Хушнуд АБДУЛЛАЕВ,
Амир Темур мақбараси мудири.