Башоратчи Қора Мария
Франциянинг шимоли-ғарбидаги Нормандиянинг Алонсон шаҳарчасида ғайритабиий қобилиятли қизалоқ дунёга келди. У бутун Парижга машҳур фолбин Ленорман авлодидан эди. Қора Мария номи билан танилган аёлнинг башоратлари рўёбга чиқарди.
1814 йилда гвардиячи С.Муравев Парижда таниқли фолбин Мария Ленорман ҳузурига келади ва тақдирини айтиб беришини сўрайди. Фолбин ҳатто карталарини ҳам очмасдан, унинг кўзига тик қараб қатл этилишини айтади: «Сиз осиласиз», деди у пинагини ҳам бузмай.
Фолбин ёш зобит Наполеон Бонапарт тақдирини ҳам бехато айтиб беради. Уни Франция императори бўлиши, рафиқаси Жозефина билан ажралишини, мамлакати Россия билан урушда мағлуб бўлишини ҳам айтади.
Ўтмишда ҳам, ҳозирда ҳам инсон руҳиятидаги бундай ақлбовар қилмас ҳодисалар рўй бериб туради…
1772 йил 27 майда Франциянинг Флер де-Алансон қишлоғида Париждан 60 чақирим нарида бадавлат оилада қизалоқ туғилди. Чақалоқни ёвуз руҳлардан асраш учун Мария Анна – Аделанда, деб узун исм қўйишди. Худо унга гўзал жамол раво кўрмади. Саккиз ойлик ҳомила пайтида онаси йиқилгани сабабли қизалоқ жисмоний нуқсон билан туғилганди. Бир оёғи иккинчисидан калта, бир елкаси иккинчидан баланд эди. Унга болалигидан қаттиқ оғриқ азоб берарди. Оиланинг боши ғурбатдан чиқмай қолди. Қизалоқ атрофида қандайдир соялар кўринар, шивирлашлар эшитиларди. Қизалоқ қоронғиликдан қўрқмас, матолар, девор ва бошқа тўсиқлар орқасини бемалол кўрарди. Қўшни хоналарда кимлар борлиги, нималар бўлаётганини айтиб берарди. Оила аъзолари қизалоқни ёвуз кучлар қамраб олганидан дахшатга тушишарди. Шу сабаб уни монастирга топширишди. Аммо бу ерда ҳам унга ҳеч қандай чора-тадбир ёрдам бермади. Аксинча, қиздаги ғалати ҳолатлар унга келажакни башорат қилиш қобилиятини пайдо қилди. Тарбия ёрдам бермагач, отаси уни 16 ёшида монастирдан олиб кетди.
Бир куни отаси уйда йўқ пайтида Мариянинг қўлига қарта тушиб қолди. У қартадаги расмларга қарамасдан башорат қила олишини ҳис этди. У ёйиб қўйилган қарталарнинг “дама” ёки “валет” эканлигини очмасдан бехато айтарди.
Бир йилдан кейин отаси вафот этгач, оила Парижга кўчиб келди. Қиз аввал бичувчи, кейин сотувчи бўлиб ишлай бошлади. Аммо ноёб қобилияти устун келди. У салон очиб, ҳаётда мушкул аҳволга тушиб қолган одамлар тақдирини фол очиб айта бошлади. Унинг башоратлари тўғри чиқиши билан одамларни ҳайратга соларди. Кўп ўтмай, Мария пойтахтнинг энг бадавлат ва нуфузли кишиларининг маслаҳатчисига айланди. Мариянинг Наполеон ва Жозефина тақдири ҳақида башоратлари бехато рўёбга чиққач, император уни миллион франк билан тақдирлади ва Жозефинанинг фолбини қилиб тайинлади. Лекин Наполеон қўшинининг мағлубияти ҳақида айтганлари тўғри чиққач, 1808 йилда фолбин Париждан қувғин қилинди. Лекин башоратчига оддий одамлардек яшаш насиб этмади. Унинг башоратларидан амалдорлар қўрқувга тушиб қолишганди. 1821 йилда Ленорман черков судига берилди. Суд уни умрбод қамоқ жазоси ва катта миқдорда жаримага ҳукм қилди. Шундан кейин Мария сиёсатдан бутунлай кетди. Бироқ унинг ҳақгўй башоратчи сифатида довруғи қолаверди. 1843 йилда Мария Ленорман олдиндан ўз тақдирини башорат қилганидай, номаълум эркак томонидан буғиб ўлдирилади.
Т.Шомуродов таржимаси.