Спектакллар томошабинни ўзига жалб қила оляптими?
Бугунги кунда театр санъати жамият маънавий ҳаётининг ажралмас қисми сифатида янги босқичга қадам қўймоқда. Юртимиздаги театрлар фаолиятига назар ташласак, улар нафақат бой тарих ва шаклланган ижодий мактабга эга маданий маскан, балки замонавий талаблар, ўзгарувчан томошабин диди ва иқтисодий омиллар таъсирида ривожланаётган мураккаб тизим эканини кўрамиз. Айни пайтда театрлар олдида бадиий савияни сақлаш ва кенг жамоатчиликни жалб қилиш масаласи турибди.
Хўш, театр жамоалари бу вазифаларни қай даражада уддалаяпти?
Бир асрлик эга вилоят мусиқали драма театри репертуарида бугунги кунда 40 га яқин спектакл намойиш этилмоқда. Улар орасида жаҳон драматургиясининг сара намуналари, миллий ва замонавий асарлар, мусиқали саҳна ишлари, болалар учун мўлжалланган спектакллар ҳамда тарихий мавзулардаги асарлар мавжуд.
- Ўзбек ва жаҳон драматургиясининг энг сара намуналарини излаб топиш, уларни саҳналаштириш устида ишлаяпмиз, - дейди вилоят мусиқали драма театри бош режиссёри Шуҳрат Санақулов. - Чинакам бадиий қийматга эга асарлар ҳар қандай даврда ҳам томошабин қалбига йўл топади. Бироқ бугунги кунда томошабинни жалб этиш масаласи жуда долзарб бўлиб қолмоқда. Рости, ҳар доим ҳам спектакллар маромига етказиб саҳналаштирилмайди. Чунки ролларини маҳорат билан ижро этадиган, саҳнани ҳис қила оладиган иқтидорли актиёрларимиз кам. Шу билан бирга, театрга боришни одатга айлантирмаган ва умрида бир марта ҳам спектакл томоша қилмаганлар бор. Мисол учун, бепул намойиш этган спектаклларимизга ҳам одамлар кам келади ва охиригача кўришга сабри етмайди ёки билет қимматлигини баҳона қилиб тетарга кирмайди. Бу эса бизда ҳалигача тетарга бориш маданияти шаклланмаганини кўрсатади. Театрга томошабинни кўпроқ жалб қилиш учун аввало, замон билан ҳамнафас юриш, одамларнинг қарашлари ва ахборот технологияларини ҳисобга олиб, таниқли актёрлар ва иқтидорли ёшларни замонавий усулда спектакллар яратишга жалб қилиш керак.
Вилоят қўғирчоқ театри директори Ферузбек Абдурайимовнинг таъкидлашича, ривожланган мамлакатларда маданият ва санъатга эътибор етакчи ўринларда туради. Болалар боғча ёшиданоқ театр нималиги ва асарлардаги қаҳрамонларни кашф қилиб бўлишади. Бизда эса бу жараён энди шаклланяпти. Театр фақат мазмунли ҳордиқ чиқарадиган маданият маскани эмас, балки тарбия мактаби ҳамдир. Томошабинни шакллантириш узоқ муддатли жараён бўлгани учун театрга боришни ёшликдан одатга айлантириш мақсадга мувофиқ. Албатта, бунда ота-оналарнинг роли катта. Аммо тараққиёт театрлар олдига ҳам мураккаб талабларни қўймоқда. Айниқса, рақамли технологиялар таъсирида ўсган ёш авлод тезкор, динамик ва визуал жиҳатдан бой контентга ўрганиб қолган. Бу табиий равишда саҳна асарларига бўлган талабни ҳам ўзгартирмоқда. Натижада репертуарда комедик жанрдаги спектакллар улуши ошиб бормоқда. Ушбу жараён дастлаб болаларни енгил асарлар билан театрга қизиқтириб, кейин катта спектаклларга ўргатишни талаб этади. Тўғри, томошабин талабидан четда қолиб бўлмайди ва енгиллик ортидан қувиб, бадиий савияни йўқотиш ҳам хато. Чунки театрнинг асосий вазифаси фақат кўнгилочарлик эмас, балки фикрлашга ундаш ва ҳаётий хулосаларни чиқаришга ўргатишдир.
Мутахассислар фикридан кўриш мумкинки, театрларда чуқур ғоявий мазмунга эга асарлар яратиш ва замонавий технологияларни тизимга тўлиқ олиб кириш асосий жиҳатлар саналади. Хусусан, лазер эффектлари, катта саҳна мониторлари, 3Д визуал ечимлар спектакл имкониятларини кенгайтиради. Технология фақат ташқи эффект эмас, балки асар мазмунини теран очиб бериш ва томошабинни ўша муҳитга олиб киришга хизмат қилади. Энг муҳими, мутахассислар томошабин тарбияси ва театрга муҳаббат оиладан бошланишини таъкидламоқда. Албатта, болаликдан шаклланган эстетик дид ва маданий эҳтиёж кейинчалик жамиятнинг маънавий савиясига таъсир кўрсатади. Демак, театр нафақат саҳнада, балки жамият онгида ҳам ўз ўрнини мустаҳкамлаши учун томошабинни шакллантириш керак. Бунда оилалар, таълим даргоҳлари ва маданият муассасалари ўртасидаги ҳамкорлик орқали ёш авлодни театрга жалб қилиш, уларда санъатга муҳаббат уйғотиш муҳим аҳамият касб этади.
Сарвиноз МАМАНОВА,
вилоят мусиқали драма театри адабий қисм мудири.