Бахтли болалик индекси: Таҳлил ва таққос асл ҳолатни акс эттиради

Болалигимизда туман марказига йўлимиз тушса, бир манзил роса ўзига чорлар эди. Алвон ленталар осилган, кўм-кўк ҳовузлар ва айвонлари безатилган, ўйинчоқлари кўп кўркам маскан.

Унда доим менга тенгдош болалар гавжум бўлар, мен эса шодон ўйнаб юрган тенгдошларим билан ўз шароитимизни таққослар, улар билан ҳаётий тафовутимизни чамалар эдим. Ўша маскан, яъни болалар боғчаси менга ва қишлоқдаги тенгқурларимга аллақандай сирли ва орзули бўлиб туюлар эди. Сабаби, ўшанда бу каби бахтли болалар масканлари, мактабгача таълим даргоҳлари етишмас, оқибатда қишлоқлардаги кўпчилик болалар ушбу тизимдан бебаҳра қолар, бу эса ижтимоий тенгсизликни юзага келтирар эди.

Ёш болани бутун ҳаёти давомида ўрганиш ва таълим олиш қобилияти билан таъминланишда узлуксиз таълим - ижодий, ижтимоий фаол ва маънавий жиҳатдан бой шахсларни шакллантиришда муҳим ўрин эгаллайди. Илмий тадқиқотлар инсон ҳаётидаги ахборот ва маълумотларнинг қарийб 70 фоизини 5 ёшгача бўлган даврда эгаллашини тасдиқлаган бўлиб, бу мактабгача таълимни узлуксиз таълим тизимининг асосий бўғини сифатида белгилайди.

Билимсеварликка пойдевор қўйишда мактабгача таълим жуда муҳимлиги шу йил 15 май куни мактаб таълими тизимидаги ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш бўйича устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам алоҳида таъкидланди. Айни пайтда юртимизда давлатга тегишли 7 мингта ва хусусий 31 мингдан зиёд боғча фаолият юритаётгани, олти ёшли болаларнинг 96 фоизи мактабга тайёрлов гуруҳларига қамраб олингани ва кейинги йили бу кўрсаткич 100 фоизга чиқиши қайд этилди. Энди илғор хорижий тажриба асосида мактабга тайёрлов гуруҳлари ва бошланғич таълим ўқув дастурлари ўзаро уйғунлашади. Бунинг учун боғча болаларини математика, табиий фанлар ва технология йўналишларида танқидий ва креатив фикрлашга ўргатадиган дастурлар ишлаб чиқилади. Шунингдек, боғча тарбиячиларининг малакаси, маҳорати ва психологик тайёргарлигини ошириш учун касбий сертификатлаш тизими жорий этилади.

Қишлоқ болалари учун орзу бўлган мактабгача таълим тизими қамрови сустлиги сабаб бу босқичдаги билимлардан кўп болалар бебаҳра қолар эди. Аммо кейинги йилларда мактабгача таълимни анъанавий шаклда ҳам, янги инновацион усулларда ҳам ривожлантириш давлат сиёсатидаги устувор вазифалардан бирига айланди.

Биргина вилоятимиз мисолида оладиган бўлсак, бугун мактабгача таълим тараққиётини қайси мезонларда кўриш мумкин? Бу саволга жавобни қуйидаги ҳаётий мисоллар орқали топсак бўлади: Самарқанд вилоятида мактабгача таълим ёшидаги болаларнинг мактабгача таълим билан қамров даражаси 2017 йилга нисбатан 2,5 баробарга ўсиб, яъни 74,3 фоизга етказилгани фикримизнинг биринчи тасдиғи. Яна бир муҳим маълумот, соҳада нодавлат секторнинг улуши 2017 йилда 1 фоиз бўлгани ҳолда, айни пайтда бу кўрсаткич қарийб 44,8 фоизни ташкил қилмоқда. Бу эса ҳудудларда мактабгача таълим қамровини янада ошириш имконини бермоқда.

Мамлакатимизда ҳар бир соҳа ва тармоқда ижтимоий ҳимоя балансини шакллантириш яхши анъанага айланган. Таълим тизимида ҳам шундай. Ўтган давр мобайнида вилоятда таълимнинг муқобил шаклларидан бири – 1 минг 406 та мажбурий (бепул) бир йиллик мактаб таълимига тайёрлов гуруҳларига 32 мингдан ортиқ 6 ёшли бола жалб қилиниб, қамров 40 фоиздан 95 фоизга етказилди.

Болаларнинг илк ривожланишига хизмат қиладиган мактабгача таълимнинг муқобил шаклларини янада кенгайтириш мақсадида боғча ёшидагилар қамров даражаси паст бўлган вилоят марказидан олис ва чекка Нуробод, Қўшработ, Булунғур, Каттақўрғон, Паст Дарғом ва Ургут туманларида “Ақлвой” лойиҳаси доирасида 7 та “Исузу” русумли автобус негизида 40 та мобил гуруҳларига 600 дан зиёд болалар мактабгача таълимга қамраб олинди. Шу билан бирга, бир оиладан 2 ва ундан ортиқ болалар қатнаган ҳолда 30 фоизгача имтиёзлар берилганини халқимиз катта хурсандчилик билан қабул қилди.

Шунингдек, кам таъминланган, ижтимоий кўмакка муҳтож оила фарзандлари ҳамда имконияти чекланган болалар учун Тойлоқ педагогика коллежи негизида “Илк ривожлантириш маркази” ташкил этилиб, уйда мактабгача таълим бериш модели жорий этилди. Вилоят бўйича “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган кам таъминланган эҳтиёжманд оила вакилларининг 5 минг 271 нафар фарзандлари ота-оналарнинг ойлик бадал тўловидан озод қилинган.

Шу орқали яшаш ҳудудидан, турмуш шароитидан қатъий назар ҳар бир болага мактабгача таълим қамровида, замонавий муҳитда улғайиш имконини тақдим этмоқда. Бу жараёнда болажонларга янги турдаги боғчаларда уларнинг ёшига мос жиҳозлар, ўйин ва дам олиш бурчаклари, очиқ спорт майдончалари ташкил этилмоқда. Бу эса боланинг фаоллиги, ижодий қобилияти ва ижтимоий кўникмаларини ривожлантиришга хизмат қилмоқда. Яна бир муҳим омил, муассасаларда фаолият олиб бораётган педагог кадрларнинг малакаси мунтазам оширилиб, улар замонавий педагогик усуллардан фойдаланган ҳолда таълим-тарбия жараёнини самарали йўлга қўйилмоқда. Шу билан бирга, таълим жараёнида ота-оналар билан яқин ҳамкорлик ўрнатилган бўлиб, боланинг ривожланишида оила билан муассаса ўртасидаги ҳамжиҳатлик яратилди.

Хулоса қилиб айтганда, бу каби чора-тадбирлар болалар учун қулай, хавфсиз ва рағбатлантирувчи муҳит яратиб, келажак авлоднинг ҳар томонлама баркамол бўлиб улғайишига замин яратмоқда. Бу эса Янги Ўзбекистондаги бахтли болалик индекси — таълим ва тарбия мезонларида акс этиб, жамиятимизнинг юксак инсоний қадриятларга содиқ эканини намоён этиб бораверади.

Шуҳрат Нормуродов.