Байден ва Путин нима ҳақида гаплашади?

Брюсселда бўлиб ўтган Альянс аъзолари жипслашуви ҳақида сўз борган НАТО саммитидан сўнг АҚШ президенти Жо Байден эртага Женевада "муносиб рақиб" деб атаган одам билан учрашади. У Россия президенти Владимир Путин билан нималар ҳақида гаплашмоқчи?

Жо Байден, АҚШ Президенти: "Мен Президент Путинга, агар у хоҳласа, ҳамкорлик қилишимиз мумкин бўлган соҳалар борлигини тушунтирмоқчиман. Аммо агар у ҳамкорлик қилишни хоҳламаса, ўтмишдаги киберхавфсизлик соҳаси ва бошқа баъзи бир фаолиятлар каби иш тутса биз жавоб берамиз".

Владимир Путин учрашув олдидан Россия ва АҚШ учун ўзаро манфаатли соҳалар мавжудлигини айтди:

"Икки томонлама муносабатлар сўнгги йилларда энг паст поғонага тушиб кетди. Аммо ўзаро манфаатларни акс эттирувчи саволлар борки, улар АҚШ ва Россия манфаатлари йўлида янада самарали ҳал этилиши учун келишув ва айрим ўзаро позициялар белгилашни талаб этади".

Ўзаро манфаат масаласидан ташқари, кўплаб тортишувли мунозаралар мавжуд. Мисол учун, АҚШда Россия ҳарбий экспансияси таҳдиди ҳақида айтишмоқда ва Путин "ярим оролнинг қадрдон портига қайтиши" деб атаган Қримнинг қўшилишини қораламоқда.

Ғарбнинг тобора ошиб бораётган хавотирига яна бир сабаб, бу - Москва ва Пекин ўртасидаги яқинлашув. Бундан ташқари, Россия ҳукумати инсон ҳуқуқларига риоя қилмаслик ва оппозиция лидери Алексей Навалнийни заҳарлаш, кейин қамоққа олишда айбланмоқда.

Эҳтимол Россия томонидан қилинган киберҳужумлар, жумладан яқинда Бразилиянинг JBS гўштни қайта ишлаш компанияси ва Американинг Colonial Pipeline нефть қувури тортиш корхонаси компьютер тизимига хакерлик ҳужумлари амалга оширилди. Аммо Путин бу айбловларни рад этди ва уларни бемаънилик деб атади.

Демак, муҳокама қилиш учун етарлича мавзулар мавжуд - таҳлилчилар бўлажак учрашувни Кремль ва Оқ уй учун яқин тўрт йилда ўзаро муносабатлар ривожланиши йўналишини белгилаш учун имконият деб билишмоқда.