Байденнинг маслаҳатчиси Путинга яқин шахслар билан Украина ва ядровий қуроллар ҳақида махфий музокаралар олиб борган
Сўнгги ойларда АҚШ миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан Россия президенти ёрдамчиси Юрий Ушаков ва Россия Хавфсизлик кенгаши котиби Николай Патрушев билан бир неча марта махфий музокаралар ўтказди. Бу ҳақда The Wall Street Journal нашри АҚШ расмийлари ва уларнинг иттифоқчиларига таяниб хабар бермоқда.
Газета суҳбатдошларига кўра, бу мулоқотлардан мақсад Украинадаги урушни бартараф этиш эмас, балки кескинлашувнинг олдини олиш ва алоқа каналларини қўллаб-қувватлаш бўлган. Нашрнинг қўшимча қилишича, суҳбатлар Москвани ядро қуроли ёки бошқа оммавий қирғин қуролларидан фойдаланишдан огоҳлантириш мақсадида ҳам ўтказилган.
Бундан ташқари Салливан Украина раҳбариятини можарони ҳал қилишга тайёрлигини ошкора эълон қилишга чақирган. Аввалроқ The Washington Post АҚШ президенти маъмуриятининг шу каби сўровлари ҳақида хабар берган эди.
Салливаннинг матбуот котиби газета маълумотларига изоҳ бермаган. Оқ уй АҚШ президенти маслаҳатчиси Россия расмийлари билан музокаралар олиб бораётгани ҳақида очиқ хабар бермади. Шунингдек, Кремль ҳам сўровга жавоб бермаган.
Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков журнал маълумотларини изоҳлар экан, "англо-саксон газеталари кўплаб уйдирмаларни нашр этишини айтди", деб ёзади "Интерфакс".
Бир қатор америкалик мулозимларнинг таъкидлашича, Салливан АҚШ маъмуриятида Россия билан алоқалар тарафдори сифатида танилган, ваҳоланки, бошқа юқори мартабали сиёсатчилар Москва билан ҳозирги дипломатик ва ҳарбий шароитда музокаралар самарали бўлмайди, деб ҳисоблашади.
Норасмий музокаралар Москва ва Вашингтон ўртасидаги дипломатик муносабатларнинг ёмонлашуви, шунингдек, Россия президенти Владимир Путиннинг ядро қуролидан фойдаланиш ҳақидаги мунтазам таҳдидлари фонида бўлиб ўтди.