Янги йил байрами кунлари коммунал соҳа ташкилотларидаги навбатчилик қисмлари 24 соат ишлайди

Президент фармонига асосан Янги йил муносабати билан берилган дам олиш кунларида коммунал хизмат кўрсатиш соҳаси корхоналари ходимлари ўз ишларини давом эттиради.

Жумладан, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Самарқанд ҳудудий филиали ишчи-хизматчилари дам олиш кунлари ишлашда давом этади. Бироқ, ҳаммаси эмас. Баъзи мутахассислар ўз хизмат жойларини тарк этишмайди. Чунки, корхонада белгиланган режа асосида кеча-кундуз навбатчилик ташкил этилган.

“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Самарқанд ҳудудий филиали бош муҳандис вазифасини бажарувчи Илҳом Норбоев:

- Аҳоли хонадонларини электр билан таъминлашда чекловлар қўйилмаган. Мабодо турли сабабларга кўра, трансформаторларда носозлик ёки тармоқда узилишлар бўлса, қисқа муддатда, яъни, 2-4 соат ичида тармоққа уланиб, бартараф этишга улгурамиз. Шу мақсадда шаҳар ва туманлардаги филиалларимиз томонидан 542 нафар ишчи ва 42 та махсус техникалардан иборат 84 та авария бригадалари шакллантирилган.

Биргина Самарқанд шаҳрида тажрибали мутахассислардан иборат 10 та навбатчилик бригадаси ишламоқда. Байрам кунлари ҳар қандлай аварияларни тезкор бартараф қилиш учун, 74 дона турли қувватдаги трансформаторлар 15 километр кабел ва симлар, 1740 дона темир бетон устун, 59,7 тонна трансформатор мойи захираси бор.

Байрам кунлари деярли барча сингари Самарқанд шаҳар ободонлаштириш бошқармаси ходимлари ҳам оиласи бағрида нишонлашади. Бироқ, бу кунлари улар ишламаса, нима бўлади? Чиқиндихоналар тўлиб, атроф-муҳитни чиқинди босиб кетмайдими? Агар қор ёғиб, яхмалаклар пайдо бўлса, йўллардаги музлар ва ариқлардаги чиқиндиларни ким тозалайди?

Самарқанд шаҳар ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи Юнус Бобоназаров:
- Бунинг чорасини кўриб қўйганмиз. Янги йил кунлари корхонамиз ишчиларининг 50 фоизи, яъни, 425 нафари белгиланган график асосида ўз хизматларини давом эттирмоқда. Ишга чиққанлиги учун уларга иш ҳақларига устама қўшилиб, ўзларига қулай бўлган вақтда қўшимча таътил берилади. Шунингдек, 170 та махсус техниканинг 100 таси ҳам ўз вазифасини бажаришга киришган.

Самарқанд шаҳрини ободонлаштириш ишлари Боғишамол, Қорасув, Сиёб ва Темирйўл ҳудудларига бўлинган ҳолда олиб борилади. Бу ҳудудлардаги кўчаларнинг тунги ёритиш, фавворалар, қабристонлар, иссиқхоналар ҳамда йўлларни тозалаш хизматини кўрсатувчи бригадалар вакиллари кеча-кундуз иш олиб боришади. Бошқарма мутахассислари аҳоли мурожаатлари билан ҳам ишлашади.
Шунингдек, “Ҳудудгаз-Самарқанд” газ таъминоти корхонасида ҳам навбатчиликлар ташкил этилган.

Бир неча кун давом этадиган дам олиш кунлари муносабати билан газчилар яна бир бор аҳолини табиий газдан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларига риоя қилиш, газ жиҳозларини қаровсиз қолдирмасликка эътибор бериши зарурлигини эслатиб ўтмоқда.

- 2025 йилнинг 3 январигача филиалимиз раҳбари ва ўринбосарлари, шунингдек, туман-шаҳар газ таъминоти бўлимларининг тажрибали мутахассислардан иборат кечаю-кундуз навбатчилик ташкил этилди, -дейди газ таъминоти корхонаси директори ўринбосари Ваҳоб Ҳалимов. – Барча газ тармоқлари ва тақсимлаш пунктлари бириктирилган масъуллар томонидан назоратга олинган. Тармоқлардаги кириш-чиқиш босимлари белгиланган параметрларга созланган ва доимий назоратда. Шунингдек, Байрам тадбирлари ўтказиладиган жойларда газ таъминоти бўйича жавобгар шахслар томонидан газ тармоғига уланган газ жиҳозлари ва ундаги қурилмаларнинг созлиги юзасидан далолатномалар расмийлаштирилди. Ҳудудлар атрофидаги ер ости ва ер усти газ тармоқлари ҳамда ундаги қурилмалар техник кўрикдан ўтказилиб, яқинидаги аҳоли ва улгуржи истеъмолчиларнинг газ таъминоти кўриб чиқилди.

Байрам кунлари ҳам истеъмолчилардан келиб тушган талабнома ва мурожаатлар мутахассислар томонидан тезкорлик билан ўрганиб чиқилади ҳал этиш чоралари кўрилган.

Байрам кунлари 200дан зиёд жамоат транспортлари, «Мароқандобод» МЧЖ ҳамда "Тоза ҳудуд" МЧЖларининг чиқинди ташувчи машиналари ва ишчилари белгиланган график бўйича ўз вазифаларини бажаришади.

Дилмурод ТЎХТАЕВ.