Байрам янги боғда нишонланди
Самарқандда Ватанимиз мустақиллигининг 32 йиллигига бағишланган байрам тантаналари шаҳарнинг Қорасув массивида янгидан бунёд этилган Янги Ўзбекистон боғида нишонланди.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан юртимизнинг барча ҳудудларда “Янги Ўзбекистон” боғлари барпо этилмоқда. Самарқандда мазкур боғ учун кейинги йилларда янги аҳоли яшаш маскани сифатида кўп қаватли турар жойлар ва ижтимоий соҳа объектлари қурилган Қорасув массиви танланди. Қорадарё бўйидаги 50 гектар майдон обод қилиниб, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида 9 минг тупдан ортиқ манзарали ва бутасимон дарахт кўчатлари ўтқазилди. Ушбу дарахт, гул ва майсалар пуркатиш ва томчилатиш тизими орқали суғорилмоқда. Шунингдек, боғда аҳолининг мароқли ҳордиқ чиқариши, сайр қилиши учун барча зарур шарт-шароит ва имкониятлар яратилди. Велойўлак, спорт майдончалари ташкил этилди, тунги ёритиш чироқлари ўрнатилди.
Боғдаги саҳна бугун байрам руҳига мос безатилиб, фусункор кўриниш ҳосил қилди.
Тантана иштирокчиларини Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов табриклади.
- Бу йилги байрамнинг асосий моҳияти инсон қадр-қимматини улуғлашдир, - деди Э.Турдимов. – Ушбу йўналишда вилоятимизда жуда катта ишлар амалга оширилмоқда. Аҳолининг уй-жойга бўлган эҳтиёжини қондириш, ҳудудларда хизмат кўрсатиш шохобчаларини яратиш мақсадида биргина жорий йилда 10 минг 243 хонадонли 203 та кўпқаватли уй бунёд этилмоқда. Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш учун 172 та сув иншооти қурилди, 1045 километр тармоқ тортилди. Бунинг натижасида 160 минг нафар аҳоли илк бор тоза ичимлик суви билан таъминланмоқда, 90 минг нафарга яқин аҳолининг ичимлик суви таъминоти яхшиланди. Умуман, 2023 йилда вилоятдаги мингдан зиёд объектларда қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Жумладан, 158 та умумтаълим мактаби, 54 та мактабгача таълим ташкилоти, 41 та тиббиёт муассасаси, 14 та жисмоний тарбия ва спорт муассасалари, 6 та олий таълим муассасаларини реконструкция ва мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилди. 1000 километрдан ортиқ йўллар таъмирланди. Самарқанд шаҳрида аҳоли ва меҳмонлар учун қулай инфратузилма яратиш мақсадида 2 та туннель, 2 та кўприк ва 11,5 километр йўл, 8 та ичимлик суви иншооти қуришга киришилди. Аҳоли фаровонлигини юксалтиришга қаратилган бу каби ишлар вилоятимизнинг барча шаҳар ва туманларида давом этмоқда.
Шундан сўнг “Янги ҳаёт учун, янги Ўзбекистон учун!” шиори остида бадиий-маданий дастур намойиш этилди.
Байрам тадбирлари доирасида янги боғда кун давомида ёшлар сайли, озиқ-овқат маҳсулотлари ярмаркаси, ҳунармандлик буюмлари кўргазмалари, спорт ўйинлари ва мусобақалар ўтказилди.