Беларусь Навальнийнинг заҳарланиши тўғрисида Берлин ва Варшава ўртасида ўтказилган ва ёзиб олинган яширин суҳбатни Россияга тақдим этди

Беларусь тахминан Варшава ва Берлин ўртасида бўлиб ўтган Алексей Навальнийнинг заҳарланиши тўғрисидаги аудио ёзувни Россия Федерал хавфсизлик хизматига (ФХХ) тақдим этди. Бу ҳақда Беларуснинг ОНТ телеканали хабар берди.

Беларусь президенти Александр Лукашенко 3 сентябрь куни Россия Бош вазири Михаил Мишустинга Беларусь разведкаси томонидан тутиб олинган Варшава ва Берлин ўртасидаги суҳбат ҳақида айтган эди. Лукашенконинг сўзларига кўра, суҳбатда Германия канцлери Ангела Меркельнинг Навальнийнинг заҳарланиши тўғрисидаги сўзлари ёлғонлиги айтилган. Шунингдек, Лукашенко аудио ёзувни Россия махсус хизматига тақдим этишни ваъда қилган эди.

Ўтказилган суҳбат аудиоёзуви 4 сентябрь куни Беларуснинг марказий телеканали ОНТда эфирга узатилди. Унда икки нафар эркак киши инглиз тилида суҳбат олиб борган. Навальний масаласида Германия вакили заҳарланишнинг тасдиқланиши у даражада муҳим эмаслигини, “урушда барча усуллар яхши” эканлигини айтган. Беларусдаги вазият юзасидан Варшава вакили Лукашенконинг “кучли ёнғоқ” эканлигини, унинг махсус хизматини эса ўз ишининг усталари эканлигини таъкидлаган. Шунингдек, у Москвани Беларусь “ишларига бурун тиқиш” хоҳишини йўққа чиқариш зарурлигини айтган.