Беларусь: воқеалар ривожи қандай давом этмоқда?

18 август куни кечқурун Минск шаҳрининг марказида жойлашган Мустақиллик майдонида муҳолифатчиларнинг навбатдаги намойиши бўлиб ўтди. Тунги соат 23:00 (01:00 Тошкент вақти)лар атрофида намойишчилар тарқалди.
АҚШ ва Эстония ташаббуси билан БМТнинг хавфсизлик кенгаши Беларусдаги вазиятни дунё ва Европа хавфсизлигига таъсири масаласини кўриб чиқди. Бу ҳақда 18 август куни Эстония ТИВ матбуот хизмати хабар қилди.
Йиғилишда Эстония ташқи ишлар вазири Урмас Рейнсалу, намойишчиларга нисбатан Беларусь ҳукумати томонидан ортиқча куч ишлатилаётганлиги хавотирли ҳолат эканлигини билдирди. У БМТ хавфсизлик кенгашини зўравонлик қўлланиладиган зиддиятларни олдини олишга чақирди.
18 август куни Беларуснинг амалдаги президенти Александр Лукашенкони қўллаб, тарафдорлари томонидан Гомеле шаҳрида намойиш ўтказилди.
Ташкиллаштирилган саҳнада ташкилотлар раҳбарлари нутқ сўзлади, ватанпарварлик ҳақида шерлар ўқилди, мамлакат раҳбари фаолияти сарҳисоб қилинди. Намойиш якунида иштирокчилар чироқлар ёқиб Беларусь мадҳиясини куйладилар ва “Мангу олов” томон йўл олдилар. Юриш вақтида мамлакатнинг ўлкан байроғи ёйилди, иштирокчилар “Мангу олов” ёнига гулчамбарлар қўйиб тарқалдилар.
***
Хитой ҳукумати Беларуснинг ички муаммоларига ташқи кучларнинг аралашуви оқибатида жамият орасида бўлиниш ва парокандалик олиб келинишига қарши эканини маълум қилди. Бу ҳақда 19 август ХХР ТИВ вакили Чжао Лицзян хабар берди.
“Хитой ва Беларусни умумий стратегик ҳамкорлик боғлаб туради, биз бир-биримизга ишонамиз ва ҳамжихатликда ютуқли ҳамкорликни ривожлантирмоқдамиз. Биз Беларусь халқи танлаган ривожланиш йўлини ҳурмат қиламиз, шунингдек, уларнинг миллий мустақиллиги, хавфсизлиги ва ривожланиши йўлидаги харакатларини ҳурмат қиламиз”, - таъкидлади Лицзян.
***
Австрия канцлери Себастян Курц Беларусда янги, ҳаққоний сайловлар ўтказилиши зарур эканини таъкидлади.
“Эркин ва ҳаққоний ўтадиган янги сайловлар зарур”, - таъкидлади канцлер Беларусдаги вазият масаласи бўйича ўтказилган ЕИ саммитида.
***
19 август куни бир қатор спортчи ва спорт соҳаси вакиллари Беларусь президенти Александр Лукашенкога очиқ хат билан мурожаат қилдилар. Улар агар бир қатор талаблар бажарилмаса, мамлакат терма жамоаси таркибида қатнашмасликларини маълум қилдилар.
“Кўплаб қалбакилаштириш ва сайлов комиссияларига босим ўтказиш ҳолатлари сабабли, 2020 йил 9 август куни Беларусь Республикаси президентлиги учун ўтказилган сайлов натижаларини ҳаққоний эмас деб тан олиш”, дейилади “Прессбол” сайтида эълон қилинган очиқ хатда.
***
Александр Лукашенконинг президентлик учун ўтказилган сайловлардаги асосий рақиби Светлана Тихановская 19 август куни Европа кенгашига мурожаатнома йўллади.
У Европа мамлакатлари етакчиларини республикада ўтказилган сайлов натижаларини тан олмасликка, бироқ “Беларусь уйғонишини” қўллаб-қувватлашга чақирди.
“Бутун Беларусь бўйлаб ўз овозини ҳимоя қилишга чиққан одамлар, ҳукмронликка осилиб олган тизим томонидан ваҳшийларча калтакланди, эркин фикрлашдан маҳрум қилинди. Юзлаб одамлар жароҳатланди, камида икки киши ҳалок бўлди. Бу ҳолат айни бугун, Европа марказида содир бўлмоқда”, - деди Тихановская.
19 август куни Россия Федерацияси президенти матбуот котиби Дмитрий Песков, ОДКБ доирасида Беларусга ёрдам кўрсатишга ҳожат йўқлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Кремль республикада юзага келган вазиятни мамлакатнинг ички муаммоси сифатида баҳолайди.
Бекзод МУСУРМОНОВ тайёрлади.