Беларусда бўлиб ўтган сайлов натижалари тан олинадими? Воқеалар ривожи қандай давом этяпти?

Беларусда ўтказилган сайловлар мукаммал даражада ўтмади, бироқ бу ҳолатни ҳукумат ва халқ ўртасидаги мулоқотни бузиш мақсадида қўлламаслик керак. Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров мамлакатда содир бўлаётган воқеаларга шундай изоҳ берди.

Лавровнинг сўзларига кўра, Москва Беларусдаги вазиятга ташқи кучларнинг аралашувидан хавотирда ва бу аралашув геосиёсий мақсадларда амалга оширилмоқда. “Собиқ иттифоқ ҳудудлари учун кураш олиб борилаётгани ҳеч кимга сир эмас”, - деди Лавров. Шунингдек, у Ғарбни, 2014 йилда Украинада бўлиб ўтган “Евромайдан”га Европанинг аралашуви нима билан тугаганини эслашга чақирди. 

***

Европа иттифоқи Беларусда фуқаролик жамиятини шакллантириш учун, мамлакатга 53 миллион евро тақдим этади. Бу ҳақда 19 август куни Европа кенгаши раҳбари Урсула Фон дер Ляйен маълум қилди.

Маълум қилинишича, маблағ давлат тизими орқали эмас, жамоат тизимлари орқали йўналтирилади.

Ляйеннинг ушбу сўзлари ЕИ саммити якунига етганидан сўнг янгради. Польша Бош вазири Матеуша Моравецкийнинг сўзларига кўра, бўлиб ўтган саммитда, аъзо давлатлар раҳбарлари бир овоздан Беларусда ўтказилган сайловларнинг расмий натижаларини тан олишга қарши фикр билдирганлар. 

***

Беларусь муҳолифати томонидан ташкил этилган Мувофиқлаштириш кенгаши, Россия Федерацияси билан алоқалар ўрнатишга тайёр эканини маълум қилди. Бу ҳақда 20 август куни кенгаш аъзоси Павел Латушко сўзлади.  

Журналистлар томонидан “Мувофиқлаштириш кенгаши Россия Федерацияси билан алоқалар ўрнатишга тайёрми?”, - деб берилган саволга,  “Мутлақо. Биз ўз позициямизни баён этишга тайёрмиз, биз вазиятни қандай кўраётганимизни у ёки бу шаклда тақдим этишга тайёрмиз”, - деб жавоб қайтарди Латушко.