Беларусда намойишлар давом этмоқда
Беларусь мухолифати Минск шаҳридаги Мустақиллик майдонида рухсат берилмаган норозилик намойиши ўтказди ва шаҳарнинг марказий кўчаси бўйлаб ҳаракатлана бошлади. Бу ҳақда 26 октябрь куни РИА Новости нашри маълум қилди.
Майдонга дастлаб ёши кекса фуқаролар йиғилди, кейинчалик уларга Беларусь давлат университети талабалари қўшилди. Улар ёши кексалар томонидан олқишлар билан кутиб олинди.
Маълумотларга кўра, Беларуснинг йирик заводлари – “Нафтан”, “Беларускалий”, “Гродно Азот”, “БелАЗ” Минск трактор заводи ва Минск автомобиль заводларида иш ташлаш кўзатилмаган.
Ҳозирча “Газпром трансгаз Беларусь”, “Савушкин продукт” ва Беларусь металлургия заводлари ва ташкилотлари ҳақида маълумот мавжуд эмас.
Эслатиб ўтамиз, бугун 26 октябрь куни мухолифат етакчиси Светлана Тихановская эълон қилган ультиматум муддати ўз якунига етди. 25 октябрь куни у “умумхалқ иш ташлаш” бошланганлиги тўғрисида эълон қилди. Шундан сўнг Минс кучаларига 100 мингдан ортиқ одам норозилик намойишига тўпланди.
Светлана Тихановская республика ҳукуматига бир қатор талаблар қўйган эди. Унга кўра, мамлакатнинг амалдаги президенти Александр Лукашенко истеъфо эълон қилиши, сиёсий маҳбуслар озод этилиши ва кўчалардаги зўравонликлар тўхташи керак эди.