Беморларнинг аксариятида кучли қўрқув бор
Самарқанд вилоят юқумли касалликлар шифохонаси катта ҳамшираси Феруза Шерхонова билан суҳбатлашганимда коронавирус инфекциясининг кенг тарқалишига, аввало, ўзимизнинг тартиб-қоидаларга амал қилмаганимиз, инфекцияга одамларнинг беписанд қарагани ҳам сабаб бўлаётганини айтди.
32 йилдан буён шу муассасада ишлаган, тиббиёт соҳасида ўз тажрибасига эга ҳамшира бугун вазият анча жиддийлигини, бу бизни огоҳ этиши лозимлиги, фарзандларимизни, оиламизни, яқинларимизни асраш ўз қўлимизда эканлигини таъкидлади.
- Бугун коронавирус инфекциясига чалинган беморлар афсуски, кўп, - дейди Феруза опа. – Дастлаб 21 март куни коронавирусга чалинган беморларни даволашга жалб этилган бўлсам, ўшанда беморларда касаллик енгил ўтаётган эди. Ҳозир эса вазият жиддий. Чунки олдин касаллик эрта босқичларда аниқланган бўлса, бугун одамлар касалликнинг дастлабки аломатлари сезилса-да, уйда даволаниб, оғир аҳволдагина бизга мурожаат қилишмоқда. Беморлар билан суҳбатлашганимда, 3-4 кундан буён уйида иситма билан ётганини, шифокорга мурожаат қилишга қўрққанини айтади. Улар коронавирусга чалиндимми, демак, бу ўлим билан рўпара бўлиш, деб тушунади. Йўқ, коронавирус ҳаёт тугади дегани эмас. Мана шу қўрқув баъзан касалликнинг авж олишига сабаб бўлиши мумкин. Чунки қўрқув ҳам иммунитет тушиб кетишига олиб келади. Баъзиларда енгил формада ўтади, уйида даволанаётганлар ҳам кўп. Аммо улар ўзлари билмаган ҳолда ташувчи бўлиб қолаётгани ачинарли.
- Бугун шифокорларимизнинг фидойилиги, касбига садоқати туфайли беморларимизнинг аксарияти бу дарддан фориғ бўлмоқда. Аммо ўлим кўрсаткичи ҳам кўпайган...
- Кунига шифохонамиздан ўнлаб беморлар касалликдан фориғ бўлаётган бўлса, икки баробар кўп касалликка чалинган беморлар олиб келиняпти. Улар орасида 60-70 ёшлардаги, қўшимча касаллиги бор беморлар бор. Улар касалликни оғир ўтказяпти. Ҳомиладор аёллар, ёш йигит-қизлар, ҳатто чақалоқлар ҳам инфекция билан зарарланган. Бу ердаги вазиятни кўриб, тўғриси, кўча-кўйда ниқобларни иякка тақиб олган, карантин қоидаларига риоя қилмаётган юртдошларимизга сабоқ олинг, дегим келади. Ахир касалликнинг олдини олишда биздан мураккаб нарсалар талаб қилинмаяпти-ку. Наҳотки, соғлигимизга эътиборсиз бўлсак. Тўғри, сиз касалликни енгилроқ ўтказарсиз, аммо ёши катта момо-боболаримиз, қўшимча касалликка чалинган яқинларимиз буни енгишда қийналмоқда. Уларнинг нафас олишда қийналаётганини кўриб, кўзимизга ёш оламиз.
- Касалликни қандай енгиш мумкин?
- Бу, аввало, инсоннинг иродасига, соғлом турмуш тарзига риоя қилишига, спорт билан шуғулланишига боғлиқ. 70-75 ёшли беморлар ҳам касалликни енгиб ўтди. Яқинда 51 ёшли онахон касалликка чалиниб, муассасамизда даволанди. У киши доим тозаликка риоя қилиб, эрталаб жисмоний машқларни бажарар экан. Ишонч ва қатъияти туфайли дарддан фориғ бўлишда қийналмади. Бу касалликнинг кушандаси ҳам тозаликка риоя қилиш, фойдали маҳсулотларни истеъмол қилиб, кўпроқ суюқлик истеъмол қилишдир.
- Иккинчи бор касалхонада ишлашга сизни нима мажбур қилди? Ахир бу саломатлигингиз учун хавфли-ку?
- Тўғри, фарзандларим иккинчи бор бу ерга келишимга қаршилик қилишди. Аммо беморлар ҳам кимнингдир онаси, отаси, фарзанди. Қўлимдан ёрдам бериш кела туриб, уйда ўтиришим касбимга хиёнат эмасми? Бу ерда ишлаётган тиббиёт ходимлари бугун қанчалик қийналаётганини кўриб турибман. Иссиқда 6-12 соатлаб комбинзонда, тиббий ниқобда, ҳимоя кўзойнакларида, оғир этикларда юрамиз. Аммо беморлар билан ишлаш жараёнида бу каби ноқулайликларни ўйлашга фурсат бўлмайди.
- Юртдошларимизга нима деган бўлардингиз.
- Фақат ва фақат карантин қоидаларига риоя қилишларини сўрардим. Касалликни енгиш ўзимизга боғлиқ. Касаллик аломатларини сездингизми, оилавий поликлинкаларга мурожаат қилинг. Доим спорт билан шуғулланиб, соғлом турмуш тарзига риоя қилинг. Коронавирус пандемиясига қарши курашда бу жуда муҳим.
Насиба ЖОНТЎРАЕВА суҳбатлашди.