Беш кунлик дам: сиз уни қандай ўтказмоқчисиз?
Бундан унумли фойдаланиш мақсадида саёҳат қилмоқчи бўлган кишилар ҳам кўп. Хўш, фуқароларимизга юртимиз бўйлаб саёҳатни ташкил этишда қандай имтиёзлар яратиляпти?
"Ўзбекистон ҳаво йўллари" миллий авиакомпанияси ҳамда "Ўзбе- кистон темирйўллари" акциядорлик жамияти Наврўздаги беш кунлик дам олишда барча ички рейсларга чегирмалар жорий қилди. Яъни, 18, 19, 20, 21 ва 22 март кунлари "Ўзбекистон ҳаво йўллари" миллий авиакомпаниясининг маҳаллий рейсларига қуйидаги чегирмалар мавжуд:
30 фоиз – якка тартибдаги йўловчилар учун;
40 фоиз – сайёҳлик гуруҳлари (5 ва ундан ортиқ киши. Фақат юридик шахслар учун), мактаб, лицей ва коллеж ўқувчилари, олий ўқув юртлари талабалари учун;
50 фоиз – оилалар учун (2 ёшдан 12 ёшгача фарзандлари бўлган ота-оналар).
Вилоятимиздан Бухоро ва Хоразмга самолёт қатнови мавжуд бўлмаганлиги учун фақатгина Тошкент шаҳри бўйича маълумотларни олдик. Самарқанд – Тошкент йўналиши бўйича ҳаракатланадиган самолёт чиптаси оилалилар учун 40 фоизлик чегирма бўйича белгиланган. Самолёт 50 дақиқада Тошкент халқаро аэропортига қўнади. Ҳафтанинг душанба, чоршанба кунлари қатнов йўлга қўйилмаган, бошқа кунлари кундузи, якшанба куни кечқурун рейслар мавжуд.
"Ўзбекистон темирйўллари" акциядорлик жамияти худди шу кунларга маҳаллий йўналишларда қатновчи поездларга (шу жумладан, юқори тезликда ҳаракатланаётган "Афросиёб" поездларига) оилавий, жамоа, талабалар, ўқувчилар ҳамда нафақадагилар учун йўл чиптасининг тариф қисмидан 50 фоизли чегирмалар жорий қилди.
Тошкент – Самарқанд йўналишида ҳаракатланадиган "Афросиёб" тезюрар поезди чиптаси 38 минг 500 сўм, "Шарқ" поезди 29 минг 800 сўм. Самарқанд-Бухоро "Афросиёб" тезюрар поезди 24 минг 500 сўм, "Шарқ" поезди 25 минг 700 сўм, Самарқанд-Урганч йўналиши бўйича ҳаракатланаётган "Шарқ" поезди чиптаси (плац. карт) 54 минг 589 сўмни ташкил этади.
– Аҳолининг дам олишини самарали ташкил этиш мақсадида маҳаллий йўналишларда ҳаракатланувчи поезд чипталарига 50 фоиз чегирмалар киритганмиз, – дейди Самарқанд вокзали катта чипта сотувчиси Жасур Раҳмонов. – Юртдошларимиз томонидан чипталар харид қилиняпти. Агар чипталарга талаб ошса, қўшимча поезд қатнови амалга оширилади.
Биз сайёҳлик ташкилотлари билан ҳам боғланиб, юртдошларимизнинг саёҳатлари учун кўрсатиладиган хизматлар билан қизиқдик.
– Компаниямиз томонидан Самарқанд шаҳри бўйлаб бир кунлик саёҳат дастури ташкил этилган, – дейди "Динара Тур Сервис" туристик компанияси раҳбари Феруз Зоҳидов. – Ушбу турда саёҳатчилар Регистон майдони, Амир Темур мақбараси, Улуғбек расадхонаси, Шоҳи Зинда ва Имом Бухорий мажмуасини томоша қилиш имкониятига эга бўладилар. Туристик саёҳатимиз таркибига транспорт ва гид хизмати киритилган. Шунингдек, Самарқанддан Бухорога, Хоразм вилоятига ва Тошкент шаҳрига ҳам шундай саёҳатимиз мавжуд.
Насиба ЖОНТЎРАЕВА.