Бесоқолбозлик билан боғлиқ модда Жиноят кодексидан чиқариладими?
Шу кунларда ижтимоий тармоқларда мазкур ҳолатга оид турли гап-сўзлар тарқалди. Хўш, гаплар қанчалик асосли?
Умуман, бу масалага Самарқанддан сайланган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг фикри қандай?
ЛГБТ масаласи уюштирилган воқеага ўхшаяпти - Шербек Бўронов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати
Глобаллашув жараёни жадал ривожланаётган ҳозирги даврда ахборот хуружлари тобора авж олмоқда. Битта воқеани сунъий уюштириш воситасида бошқа воқеаларни юзага келтириш ҳолатлари кузатиляпти.
ЛГБТ масаласининг ижтимоий тармоқларга муҳокамага кўтарилиши ҳам уюштирилган воқеага ўхшаяпти. Чунки шу ҳолатдан кейин пойтахтимизда бир гуруҳ ёшларнинг ноқонуний чиқишлари рўй берди.
Бу ўринда асл режа кимнингдир ҳуқуқ ва манфаатини ҳимоя қилиш эмас, балки ҳаётий позицияси, диний тафаккури шаклланиб улгурмаган ёшларнинг ҳиссиётларини жунбушга келтириш орқали уларни ноқонуний ҳаракатларга ундаш, мамлакатимиздаги ижтимоий барқарорликка путур етказишдан иборат бўлиши мумкин.
Фикримча, ижтимоий барқарорликни таъминлаш мамлакатни ривожлантиришнинг энг муҳим омилларидан бири. Шунинг учун қонунларда тақиқланган, фуқароларнинг тинчлик-хотиржамлигига салбий таъсир қиладиган ҳаракатларга қаршимиз.
ЛГБТ масаласи қонунчилигимизга ҳам, халқимиз эъзозлайдиган қадриятларга ҳам, муқаддас динимизга ҳам зид нарса. Шахсан мен бу йўналишда қонунчиликдаги тақиқлар бекор қилинишига қаршиман. Энг аввало, сайловчилармизнинг хоҳиш-истакларидан келиб чиқиб бу позицияни илгари сурмоқдамиз.
Парламентда бундай режа йўқ - Улуғбек Вафоев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати
Ушбу масала - бесоқолбозлик билан боғлиқ модда Жиноят кодексидан чиқариб ташлаш ҳақидаги гап-сўзлар ҳеч қандай асосга эга эмас. Негаки, ушбу масалар Қонунчилик палатасида кўриб чиқилаётгани йўқ. Айни пайтда депутатлар ўз сайлов округларига чиқиб, аҳоли билан учрашувлар ўтказмоқда. Жойлардаги ҳақиқий аҳволни ўрганяпти.
Ушбу масала бўйича шахсий фикрим, Жиноят кодексидан бесоқолбозлик билан боғлиқ моддани олиб ташлаб бўлмайди. Давлат ва жамиятнинг устуни бу оила. Оила қанчалик соғлом ва мустаҳкам бўлса - давлат ва жамият соғлом, мустаҳкам бўлади.
Бесоқолбозликка рухсат бериш бу - жамият ва давлат устунига болта уришдир.
Р/S: Парламент қуйи палатаси депутатлари ҳамюртларимиздан бирор мавзуни муҳокама қилаётганда ёки фикр, муносабат билдираётганда ҳаддан ортиқ ҳис-туйғуларга берилмасликларини сўраган.