Безорилик содир этган шахслар энди суд олдида жавоб беради
2020 йилнинг 17 февралидан 18 февралига ўтар кечаси, тахминан соат 01:00 да 32 ёшли А.С. жиноий шериги, 29 ёшли Х.Ғ. билан Тошкент шаҳар Олмазор туманида жойлашган бильярд клубига спиртли ичимлик таъсирида маст ҳолатда келиб, мазкур клуб иш бошқарувчиси, 55 ёшли Д.И. иш вақти якунланганини айтса-да, жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан, уни ахлоқсиз сўзлар билан ҳақорат қилган ва сабабсиз уриб дўппослаган.
Ўша вақтда бильярд клубда бўлган ишчилар ва мижозлар А.С. ва Х.Ғ.ларнинг безорилик ҳаракатларининг олдини олиш чорасини кўришига қарамасдан, уларга жиддий қаршилик кўрсатиб, бильярд тошларини отиб, ўзларидан узоқлаштириб такроран Д.И.ни баданига стул билан урган, муштлари билан юзига ҳамда баданининг турли жойларига уриб дўппослаган ва Д.И.га соғлиғининг қисқа муддатга бузилишига олиб келган енгил тан жароҳатлари етказиб, ҳодиса жойидан яширинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Олмазор тумани бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари натижасига кўра, А.С. ва Х.Ғ.ларга Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми «г» банди (жамоат тартибини сақлаш вазифасини бажариб турган ҳокимият вакили ёки жамоатчилик вакилига ёхуд безорилик ҳаракатларининг олдини олиш чорасини кўрган бошқа фуқароларга қаршилик кўрсатиб содир этилган безорилик) билан айб эълон қилиниб, жиноят иши туман прокуратурасига юборилган.
Мазкур жиноятни содир этган шахс 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади, дейилади Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабарида.