Билим бор жойда буюклик бўлади
Президент Мурожаатномасини ўрганиш ўқитувчиларимизнинг мактаб таълими жамиятни ўзгартиришига ишончларини ошириб юборди. Ўқитувчиларимиз педагоглик касбининг масъулияти қанчалик юксаклигини қайта англаб олдилар. Бу муболаға эмас.
Президентимиз Олий Мажлис ва халқимизга Мурожаатномасида “Таълим сифатини ошириш – Янги Ўзбекистон тараққиётининг яккаю ягона тўғри йўлидир”, деган ҳаққоний талаб, принцип белгилаб берди. Таълимнинг юраги ҳам, драйвери ҳам ўқитувчи, педагогларимиз. Ўқув қўлланмалари, янги дастурлар албатта зарур. Лекин ўқитувчиларга жойларга, мактабларга бориб, замонавий, амалий педагогик компетенциялар ўргатилмаса, уларнинг самараси юқори бўлмайди.
Нима қилмоқ керак?
Президентимиз бу муаммонинг ечимини ҳам кўрсатиб бердилар. "Таълим даргоҳларига бориб, ўқитувчи ва мураббийлар билан кўпроқ мулоқот қилиб, ўқув-тарбия ишлари сифатини ошириш бўйича улар қўйган масалаларни биргаликда ҳал этишимиз керак", дедилар. Мана шу белгиланган вазифалардан келиб чиқиб Каттақўрғон шаҳридаги умумтаълим мактабларида олий таълим муасссасасининг кафедра филиалари ташкил этилмоқда. Бундан мақсад - кафедра филиалларида методик кунлар ва иқтидорли талабаларнинг мақсадли амалиётини ташкил қилишдан иборат.
2023 йилдан мактаб таълимини халқаро таълим дастурлари асосида бутунлай ислоҳ қилишни бошлашимиз, миллий ўзлигимиз тимсоли, маънавиятимиз асоси бўлган она тилимизга эътибор янада кучайтирилиши ҳақида қатъий мақсад қилиб олинди. Айнан ушбу мақсадни рўёбга чиқариш учун ҳар бир фуқаро бугундан бошлаб ҳаракат қилиши керак. Жумладан, филиалимизда ҳам ушбу соҳада тизимли ишлар йўлга қўйилган.
«Миллий ўзлигимиз тимсоли, маънавиятимиз асоси бўлган она тилимизга эътибор янада кучайтирилади. Албатта, чет тилини билиш — замон талаби. Аммо она тилини билишга мажбур қилиш керак. “Менинг фарзандим чет тилларини билади-ю, она тилини билмайди”, деган гап Янги Ўзбекистонга маъқул эмас. Чет тилини билиши керак, лекин она тилини билишга мажбур», — деди давлат раҳбари. Бу сўзлардан шуни англашимиз мумкинки, она тили бу азалий қадриятларимиз ва бизнинг ўчмас тарихимиз ҳисобланади. Ушбу қадриятимизни авайлаб-асраб, келажак авлодга етказишимиз лозим.
Юртимизда яшаётган ўқувчиларнинг сифатли таълим олишлари ва келажакда баркамол авлод бўлиб камол топишини таъминлашда педагогика фанининг аҳамияти ва ўрни ғоятда муҳим. Мурожаатномада келтириб ўтилган халқ таълими тизимига тегишли вазифалардан биз, педагог олимлар зиммасига катта масъулият юклади.
Учинчи Ренессанс пойдевори мактабда қўйилмоқда. Президентимиз Мурожаатномасида “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да белгиланган педагогик ислоҳотларнинг методологик асослари, принциплари белгилаб берилди. Биз уларга асосланиб, таълим сифатини оширишга дифференциаллашган ёндашув, тарбиявий ишларни юксак технологиялар асосига қуриш, ўқувчиларда жамоада ишлаш кўникмаларини ривожлантириш, тил, касб, компьютерни ўргатишни замонавий технологиялар асосида ишлаб чиқиб, мактабларимизга жорий қиламиз.
Ана шунда таълим ва тарбиядаги айрим эскирган методлар, ҳаммага бир ёндашишлар тўхтайди. Ўқувчи, талабаларнинг билим, компетенциялари, фазилатлари даражасидан келиб чиқиб, дифференциал ёндашув, педагогик диагностика жорий қилинади. Чунки Янги Ўзбекистон ёшлари янгича, сифатли тарбия олишлари керак. Ана шунда Ўзбекистон ёшлари Президентимиз орзу қилганларидек, кўзлари ёниқ, ватанпарвар, оловқалб ёшлар бўлиб етишади.
Ш.Мустафоев,
педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори, СамДУнинг Каттақўрғон филиали доценти.