“Билмайин, ҳар кимга тошлар отмайлик!”

Бугун таниқли ёзувчи ва шоир, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Абдусаид Кўчимов таваллуд топган кун.
А.Кўчимов 1951 йил 15 май куни Ургут туманида туғилган.
1972 йил Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институтининг ўзбек тили ва адабиёти факультетини тамомлаган.
Меҳнат фаолиятини «Ўқитувчи» нашриётидан бошлаган. Кейинчалик "Ленин учқуни" газетасида, “Шарқ юлдузи” журналида, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси раиси ва бошқа қатор масъул лавозимларда ишлаган.
Йигирмадан зиёд шеърий ва насрий китоблари чоп этилган.
2017 йилдан буён Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги Бош директори лавозимида ишлаб келмоқда. 2024 йилдан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати аъзоси.
«Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист» унвони, «Меҳнат шуҳрати» ордени ҳамда «Шуҳрат» медали билан тақдирланган.
Қуйида ижодкорнинг шеърларидан намуна ўқийсиз.
***
ТАШВИШ...
Бугун юракларни чақмоқдай тилиб,
Азобу оғриқдан титраб зиёда
Гоҳ эрмак, гоҳида масхара қилиб,
Отлиққа тош отар жами пиёда.
Дўстлар, ҳар лаҳзамиз эмас қуёшлик,
Бегуноҳ зот йўқдир ёруғ дунёда.
Тоза бўлмагандек ҳар битта бошлиқ,
Мусаффо эмас-ку, ҳамма пиёда...
Хуллас, ташвишимнинг жўндир якуни:
Билмайин, ҳар кимга тошлар отмайлик.
Жамол кўрсатмай қиёмат куни,
Гуноҳи азимга ботмайлик...
МИРЗО УЛУҒБEК ҲАЙКАЛИ ҚОШИДА
Юлдузларни санаш мумкиндир балким,
Ҳисоблаш мумкиндир сайёраларни.
Санаб саноғига етолмас ҳеч ким
Ўзбекзаминдаги алломаларни.
Мана, минг йилларким ҳайратда башар
Беруний, Навоий, Куброларимга.
Яна минг асрлар таъзимга шошар
Мирзо Улуғбекдек даҳоларимга.
ФИЗИКЛАР ФАЛСАФАСИ
Бир-бирига муҳаббат
Бўлмаса бу дунёда,
Сайёраю қитъалар
Айланарди рўёга.
Меҳр нури оламга
Мангуликни бахш этди.
Ньютон шу меҳрдан
Буюк қонун кашф этди.