Бир гуруҳ самарқандлик ҳожилар муборак зиёратдан қайтди
Бугун куннинг биринчи ярмида Самарқанд халқаро аэропортида муборак Ҳаж зиёратини адо этиб қайтган бир гуруҳ юртдошларимиз алоҳида эҳтиром билан кутиб олинди.
– 245 нафар самарқандлик ҳожилар муборак зиёратни адо этиб, қалбларида қувонч билан ватанимизга қайтиб келди, - дейди вилоят бош имом хатиби ўринбосари Ёқубжон Мансуров. - Улуғ сафар давомида ватандошларимиз Саудия Арабистонининг Мадина ва Макка шаҳарларида бўлиб, Ҳаж амалларини мукаммал адо этишди. Арафот тоғи, Мино ва Муздалифа водийларида ибодатлар чоғида бугунги саодатли кунлар учун шукроналар айтиб, Аллоҳдан юртимизга файзи барака, халқимизга фаровонлик, эртанги умидимиз бўлган фарзандларимиз бахти, камолини сўраб, дуолар қилишди.
Бу йил вилоятимиздан 912 нафар фуқарога ушбу муборак зиёратни адо этиш насиб этди. Пандемиядан кейинги чекловлар олингани сабабли, улар орасида 65 ёшдан ошган нуронийларнинг ҳам борлиги қувонарлидир.
- Ёшим 68 да, карантин чекловлари сабаб Ҳаж зиёратини амалга оширолмай қоламанми, деб ўйлангандим, - дейди ургутлик Алмас ҳожи Умаров. – Шукур, биз, ёши улуғлар учун ҳам қисқа танаффусдан сўнг яна муборак зиёрат учун йўл очилди. Кўп йиллик орзуим рўёбга чиқди. Сафар чоғида биз учун барча зарур шароитлар яратилди.
Самарқандлик ҳожиларнинг қайтиши учун бугун ва эртага яна 2 та авиақатнов амалга оширилиши режалаштирилган.
Тўлқин СИДДИҚОВ.