Бу йилги ҳаж зиёрати ўзбекистонликлар учун қандай амалга оширилади?
Кейинги икки йил дунёда кенг тарқалган вирус сабаб ҳаж ибодатини адо этиш ҳеч бир мусулмонга насиб қилмади. Алҳамдулиллаҳ, бу йил яна каъбаи муаззамани зиёрат қилиб, исломнинг бешинчи аркони бўлмиш ҳаж ибодатини бажариш учун зиёратга йўл очилди.
Хўш, бу йилги ҳаж зиёрати Ўзбекистон мусулмонлари учун қандай амалга оширилади? “Ҳаж – 2022” мавсумига тайёргарлик кўриш юзасидан ўтказилган брифингда шу саволга жавоб изланди.
Унда ҳажга доир бир қанча масалалар очиқланди. Жумладан, Саудия Арабистони томони билан олиб борилган музокаралардан сўнг жорий йил Ўзбекистон фуқаролари учун умумий ҳаж квотаси 10 865 нафар этиб белгиланди. 2019 йилда бу кўрсаткич 7 200 нафарни ташкил этган эди. Жорий ҳаж мавсуми учун ҳаж квотасининг оширилгани, шубҳасиз, юртимиз зиёратчилари учун жуда катта хушхабар бўлди.
Саудия Aрабистони Ҳаж ва умра вазирлиги пандемия ҳамон давом этаётгани туфайли “Ҳаж – 2022” баёнотида бир қатор талаб ва чекловларни эълон қилди. Ҳар мавсумда 4 миллиондан зиёд зиёратчи ҳаж ибодатини адо этаётган бўлса, бу йил бу кўрсаткич 1 миллиондан ортиқроқни ташкил қилмоқда. Зиёратчилар сони дунё миқёсида шунча чекланишига қарамай ўзбекистонлик ҳожилар учун квотанинг оширилиши ҳам катта неъматдир.
Саудия Арабистони подшоҳлиги Ҳаж ва Умра вазирлиги томонидан қўйилган қатъий карантин талабга кўра, “Ҳаж-2022” мавсумида иштирок этиш ёш чегараси 65 ёшгача этиб белгиланди.
Умид қиламизки, ушбу ёш бўйича чеклов вақтинча бўлиб, келгуси ҳаж мавсумларида ёши улуғ инсонларни ҳам бу муборак амални адо этиш саодатига эришадилар, иншааллоҳ.
Шунингдек, ҳаж сафари нархларида ҳам ўзгаришлар бор. Қайд этилишича, нархларнинг ошишига Саудия ҳукумати томонидан ҳаж сафари нархига таъсир қилувчи қўшимча солиқ ва мажбурий тўловлар жорий қилингани, коммунал, транспорт, электр энергияси ва бошқа хизматлар учун тўловлар миқдори бир неча баравар (30-40 фоиз) ошгани сабаб бўлган.
Албатта, ҳаж ибодати фақат Яратганнинг розилиги учун бўлмоғи лозим. Риё ва гуноҳлардан холи, сахийлик ҳамда ҳусни хулқ ила ихлос билан амалга оширилган ҳаж – “ҳажжи мабрур” деб аталади.
Зайниддин Эшонқулов,
Ўзбекистон мусулмонлар идораси Самарқанд вилоят вакили.