Ҳаж зиёратига бориш - фарз, лекин бу зиёратга барча бориши мумкин дегани эмас

Бугун, 30 июндан Зулҳижжа ойи кириб келди.

Зулҳижжа ойи ҳаж ойидир. Бу ойда Ислом арконларидан бири бўлган ҳаж фарзи адо қилинади. Турли юртлардан мусулмонлар Макка шаҳрига йиғиладилар.

Зулҳижжанинг аввалги ўн кунида Каъба тавофида, Сафо ва Марва саъйида, Замзам булоғи ёнида, кейин Минода, Арофатда, Муздалифада, Жамаротда ибодат, тиловат ва дуолар билан машғул бўладилар.   

Ҳажга боролмаган мусулмонлар ўз юртларида ушбу ўн кунни ғанимат билмоқлари, ибодат ва дуолар билан ўтказишлари мақсадга мувофиқдир.

Шу ўринда ҳаж ибодати тартиблари ҳақида фикрлашсак.

Ҳаж зиёрати ислом динининг аркони, мўмин-мусулмонлар учун умрининг муайян бир даврида адо этилиши фарз бўлган муҳим амал ҳисобланади. Ҳажга тижорат ёки саёҳатни кўзлаб эмас, балки зиммадаги фарзни адо этиш, гуноҳлардан фориғ бўлиш учун борилади.

Фиқҳий китобларда баён қилинишича, Ҳаж сафарини адо этишни ният қилган киши бир нечта шартларга риоя этиши лозим. Жумладан, у балоғат ёшида, соғлом ва иқтисодий имкониятларга эга бўлиши керак. Ҳажга отланган инсоннинг маблағи сафар эҳтиёжидан ташқари, оила аҳлининг шу даврдаги нафақасига ҳам етиши зарур. Шунингдек, йўлнинг хавф-хатарсиз бўлиши ҳам ҳажнинг фарз бўлиш шартларидан биридир. Аёл киши эса юқоридаги шартларга қўшимча равишда фақат маҳрами билангина ҳаж зиёратини бажариши мумкин. Агар кишида мазкур шартлардан бирортаси бўлмаса, унга ҳаж ибодатини адо этиш фарз бўлмайди, балки зиммасидан соқит бўлади.

Уламоларимиз ҳаж амалининг қонун-қоидаларини баён қилар экан, киши ҳажга боришга қодир бўлса-да, баъзи сабабларга кўра, унга бу амал макруҳ бўлади, дейишган. Жумладан, ҳанафий мазҳабида ота-она фарзанднинг хизматига муҳтож бўлиб, фарзанд уларнинг хизматини қилиш ўрнига ҳажга отланса, бу амал унга макруҳ ҳисобланган. Шунингдек, тижорат мақсадида, риё, манманлик учун қилинган ҳажнинг савоби бўлмайди. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) ҳам “Амаллар ниятга қараб баҳоланади”, деб марҳамат қилган.

Айтиш жоизки, Маккаи мукаррама илгари қиблагоҳ бўлмаган. Пайғамбаримиз фақат 630 йилда қиблани Қуддусдан Маккага кўчганлигини маълум қилган. У бу хабарни умматига Мадина шаҳрида, кечки намоз вақтида айтган. Ўзи Арабистон ярим оролида яшаган бўлса-да, Пайғамбаримиз умрида бир маротаба ҳаж амалини бажарган экан. Бу воқеа 632 йилнинг 7 апрель куни амалга ошган. Ушбу ҳаж зиёрати тарихда “Ҳаж ал-кабир” ёки “Ҳаж ал-видо” номи билан кирди. Сабаби, Расуллуллоҳ шу сафардан кейин Мадина шаҳрига қайтиб, оламдан ўтди.

Афсуски, бугун айрим ҳожиларимиз билиб-билмай жамоатчиликда “Ҳаж ал-кабир”ни адо этдик”, дейишмоқда. Бу нотўғри, албатта.

Хулоса шуки, муқаддас зиёратни адо этиш учун нафақат унинг шартларига мос келиш, балки зарур диний билимга эга бўлиш ҳам зарур. Зеро, ҳаж амалини тўлиқ адо этган шахс буюк мақомга сазовор бўлар экан, умрининг қолган қисмини ҳам шу мақомга муносиб ўтказмоғи керак.

Саид-жамол Мир-Жаъфаров,

Самарқанд давлат университети катта ўқитувчиси.