"Хўрозлар жанги"ни уюштирувчилар билан курашган инспектор

Самарқанд туманида истиқомат қилувчи фуқаролардан бири бел оғритмай пул топишнинг “зўр” усулини ўйлаб топди. Уйдан чиқиш шарт эмас, шунчаки хонадонидаги фойдаланилмаётган иссиқхонани хўрозлар жанги учун “арена”га айлантирса кифоя. Шундай бўлди ҳам. Ўз уйида яширин қиморхона ташкил этган фуқаро ҳар бир томошабиндан “билет” учун 50 минг сўм, хўроз “тренер”ларидан жангга тикилган сумманинг 10 фоизи миқдорида улуш ола бошлади. Чўнтак тўла пул, ошиғим олчи деб ўйлагандир у. Фақат...

— Иш куним одатдагидек, маҳалламдаги нотинч хонадонларни айланиб, фуқароларнинг кайфиятини ўрганишдан бошланди, - дейди Пулимуғоб маҳалласи профилактика катта инспектори Мунис Алимаматов. – Бизга қўшни бўлган Ражабамин маҳалласи профилактика инспектори қўнғироқ қилиб, ҳудудидаги хонадонлардан бирига келиб-кетувчилар кўпайиб қолгани, уй эгасининг юриш-туриши ўзгарганлигини айтиб қолди. Низомга кўра, катта инспекторга “устоз-шогирд” анъанаси асосида чегарадош маҳаллалардаги профилактика инспекторлари бириктирилади. Уларга амалий кўмак бериш, ишини мувофиқлаштириш бизнинг зиммамизда. Шу асосида ҳолатни биргаликда ўрганишни бошладик. Қўни-қўшнилар, маҳалла фаолларидан олинган маълумот ва кузатувлар шубҳамизни тасдиқлади. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказиб, қиморхона фаолиятига чек қўйдик.

Пулимуғоб тумандаги энг катта маҳаллалардан бири. Биргина шу ҳудудда 5600 нафарга яқин аҳоли истиқомат қилади, 1086 хонадонда 1270 тага яқин оила яшайди. Марказидан Самарқанд шаҳри ва Тойлоқ туманини ўзаро боғловчи Панжикент кўчаси кесиб ўтган ушбу маҳаллада криминоген вазият ҳар доим ҳам яхши бўлмаган. Аҳолиси кўп, келиб-кетувчи, йўловчилар ҳам. Шунга яраша савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари сони тобора ортиб бормоқда. Бу профилактика инспектори учун ҳақиқий синов.

- 2023 йилда маҳалламизда 38 та жиноят қайт этилган, “қизил” тоифада эдик, - дейди инспектор. – Шундан 7 таси олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар тоифасига киради. Хатолардан тегишли хулоса чиқардик. Маҳалла фаоллари билан ҳамжиҳатликда олиб борган профилактик ишларимиз натижасида ўтган йилнинг тўртинчи чорагида “сариқ” тоифага, жорий йилдан эса “яшил” тоифага ўтдик. Бу йил ҳисобидан бирорта жиноят содир этилмади.

Айни натижага эришиш учун инспектор кунини юқорида айтиб ўтилганидек муаммоли хонадонларни “зиёрат” қилишдан бошлар экан. Кейинги манзил Панжикент кўчаси бўйлаб жойлашган савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари ҳамда мактаб бўлади.

- Мактабимиз у қадар катта эмас, 307 нафар ўқувчи ўқийди, - дейди 42-умумтаълим мактаби директори ўринбосари Ш.Сафаров. – Шундай бўлса-да, профилактика инспектори тез-тез келиб, ўқувчи-ёшлар ўртасида суҳбат ва бошқа тадбирларни ўтказиб кетади. У билан ҳамкорликда давомати паст ёки ўқишга қатнамай қўйган ўқувчиларнинг уйига бориб, оилавий вазиятини ўрганамиз. Ёшларнинг бўш вақтини тўғри ташкил этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқамиз.

“Бир киши ҳамма учун, ҳамма бир киши учун”. Бу иборани кўпчилигимиз Александр Дюманинг “Уч мушкетёрлар” асари орқали яхши биламиз. Бу гал уни маҳалла фаолларининг фаолиятини кузатиш давомида хотирладим. Ҳақиқатан ҳам бу маҳалладагилар “у иш сеники, бу иш меники”, деб ўтирмас экан. Муаммо пайдо бўлдими, барча бир ёқадан бош чиқаради. Жараёнда маҳалла нуронийлари бош-қош бўлади.

- Шундай отинойиларимиз борки, бирорта оилада низо чиқса, уни ҳал қилмасдан уйига кетмайди, - дейди маҳалла хотин-қизлар фаоли Меҳринисо Қосимова. – Биз улардан ибрат оламиз. Янги ишга қўл уришдан олдин маслаҳат соламиз. Маҳалла аслида шундай ҳамжиҳат бўлиши керак. Одамлар бирор ножўя иш қилишдан олдин ўзига “Маҳалла-кўй нима дер экан?”, “Қўшнилар олдида уятли бўлмаймизми?”, деган саволларни берса, демак шу маҳалланинг виждони, яъни нуроний-кексалари ишлаётган бўлади. Бизда шундай.

Профилактика инспекторининг ҳар бир дақиқаси ҳисобда. У биз билан суҳбат чоғида ҳам мурожаат ва маслаҳатга келган фуқаролар билан ишлашдан тўхтагани йўқ. Асосийси, инспектор ҳам, маҳалланинг бошқа фаоллари ҳам ўз ишини билиб, яхши кўриб бажармоқда. Бундай ёндашув самарасиз бўлмайди, албатта.

Асқар БАРОТОВ.