Бир марта машина ҳайдаган ўқувчи дарсдан кўра рулни кўпроқ ўйлайди
Йўл ҳаракати қоидаларига амал қилмаслик, ҳушёрликни йўқотиш, тезликни ошириш ёки эҳтиётсизлик сабаб бир лаҳзада инсон ҳаётига нуқта қўйилиши мумкин. Юзага келаётган бундай кўнгилсиз ҳодисаларда ҳар доим ҳам ҳайдовчи айбдор эмас. Хўш, ўзимиз йўлда юриш маданиятига қанчалик амал қиляпмиз, фарзандларимизга йўлда ҳаракатланиш қоидаларини ўргатяпмизми?
Фарзандингизга қандай ўрнак бўляпсиз?
Дунёнинг энг машҳур футболчиларидан бири, беш карра олтин тўп соҳиби, португалиялик Криштиано Роналду болаларининг тарбияси ҳақида шундай дейди: “Ҳозирги авлодга ниманидир айтиш ва тушунтириш қийин. Шунинг учун ўзларига қўйиб беришинг керак. Доим уларга мендан ўрнак олишни айтаман. Чунки улар машғулотларда қандай ишлашим, кўчада ҳаракатланишим ва майдонда ўйинимни кўради, кузатади. Дадам доим уйда ҳам, машғулотда ҳам, ўйинда ҳам қаттиқ меҳнат қилади, тартибли ишлайди, дейишади. Шунинг учун фақат ўзим ўрнак бўлиш орқали фарзандларимга яхши тарбия беришга ҳаракат қиламан. Мен учун бу ягона йўл”.
Сиз-чи? Болангизга қандай ўрнак бўляпсиз, кўчани тартибли кесиб ўтишни қачон ўргатдингиз, уларга йўл белгиларининг мазмуни, пиёдаларнинг мажбуриятларини тушунтирганмисиз? Бунда энг катта масъулият ота-оналар ва ёши катталар зиммасига тушади. Бироқ катталарнинг ҳаммаси ҳам йўл қоидаларига амал қилавермайди. Мисол учун, йўлни беш-ўн метрга қисқартираман, деб белгиланмаган жойдан нафақат ота-оналарнинг ўзи, балки фарзандларини ҳам етаклаб ўтаверади. Қуш инида кўрганини қилади, деб бежиз айтишмаган. Ота-онаси билан бирга қоидани бузган бола ўша жойдан ўзи ёки ўртоқлари биланўтганда ҳам йўл ҳаракати қоидаларига амал қилмайди. Бора-бора буни одатга айлантиради ва оқибати сизга аён.
Болангизга машина калитини тутқазманг
Вояга етмаган бола дастлаб отаси ёки онасининг машина ҳайдашини кузатади. Кейин қизиқиб, машина рулига бир марта ўтирса бўлди, кейин ҳар куни бошқаришни хоҳлайди. Қарабсизки, мактаб ўқувчисининг асосий иши дарс тайёрлаш ёки китоб ўқиш эмас, балки машина бошқариш бўлиб қолади. Кейинги пайтда вилоятда вояга етмаган болалар томонидан йўл-транспорт ҳодисаси содир этиш ҳолатлари ортиб бормоқда. Маълумотларга кўра, вилоятимизда болалар иштирокида 2023 йилда 233 та, жорий йилнинг етти ойида эса 80 дан ортиқ йўл-транспорт ҳодисаси содир этилган.
Яқинда Жомбой туманида мактаб ўқувчиси томонидан содир этилган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида 4 ёшли бола ҳалок бўлди. У “Lasetti” машинасини Найман-Жомбой йўналишида бошқариб, Наймантепа маҳалласи ҳудудида йўлнинг қатнов қисмига югуриб чиққан болани уриб юборган. Оқибатда 4 ёшли бола оғир тан жароҳатлари олиб, воқеа жойида ҳалок бўлган.
Яна бир ачинарли воқеа: шу йилнинг 16 октябрида Булунғур туманида 7-синф ўқувчиси машина бошқариши оқибатида ҳалокатга учради.Маълум бўлишича, у Оқтош маҳалласидан ўтувчи йўлда «Жигули» машинасини миниб, бошқарувни йўқотган ва йўл четидаги ариққа тушиб кетган. Оқибатда оғир жароҳатлар билан шифохонада ҳалок бўлган.
Ушбу фожиаларнинг асосий сабаби фарзанд тарбиясига беъэтибор бўлиш ва назоратсизлик. Аксарият ота-оналар фарзандини жуда талтайтириб юборяпти. Енгил ҳаётга ўрганган, доим истаган нарсаси муҳайё бўлган бола ҳар доим тўғрими-нотўғрими, ўзининг айтгани бўлишини хоҳлайди. Бунинг оқибати эса яхшилик билан тугамайди.
Мактабларда йўл ҳаракати қоидалари дарс сифатида ўқитилса...
Олдин умумтаълим мактабларида “Йўл ҳаракати қоидалари” фани ўқитиларди. Кейинчалик бу фан ўқув дастуридан олиб ташланди ва мактабларда йўл ҳаракати қоидаларини ўргатиш бурчаклари ҳамда синфхоналари ташкил этилди. Хўш, бу тажриба ўзини оқлаяптми?
- Вилоятда 1263 та мактаб бор, - дейди вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси масъул ходими Акмал Омонов. – Президентмизнинг “2022-2026 йиллар давомида амалга оширилиши мўлжалланган «Хавфсиз ва равон йўл» умуммиллий дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига кўра, мактабларда йўл ҳаракати қоидаларини ўргатиш синфхоналари ташкил қилинмоқда. Жумладан, ҳозирга қадар вилоятдаги 400 га яқин мактабда шундай синфхоналар ташкил этилди. Йил охиригача яна 100 та ва келгуси йилда барча мактабларда йўл ҳаракати қоидаларини ўргатиш хоналари бўлади.
Маълум бўлишича, йўл ҳаракати қоидалари ўргатиш синфхоналарида дарс жараёнлари маънавият соатида синф раҳбари томонидан ёки йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари томонидан тарғибот тадбирлари доирасида олиб борилади. Лекин алоҳида дарс сифатида ўқитилмайди.
Бугунги кунда юртимизда ҳайдовчилик гувоҳномасини бериш жараёнида назорат кучайтирилди, жарималар миқдори ортди, камералар ўрнатилди. Аммо йўл-транспорт ҳодисалари, қоидабузарликлар ва бунинг оқибатида ҳалок бўлаётганлар сони кўпайиб бормоқда. Шу боис ўқувчиларга йўл ҳаракати қоидалари, белгиларнинг мазмуни, пиёда ва ҳайдовчиларнинг мажбуриятлари мутахассислар томонидан дарс жараёнида ўқитилса, бу каби кўнгилсиз ҳодисаларнинг камайишига эришиб, тартиб-қоидага амал қилишни ўрганармидик.
Фазлиддин Рўзибоев.