"Бир нуроний ўн ёшга масъул": Ургутлик отахон танлов ғолиби бўлди

Самарқанд шаҳрида "Бир нуроний ўн ёшга масъул" республика кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Унда танловнинг туман (шаҳар) босқичларида ғолиб бўлган нуронийлар уч шарт бўйича маҳалласида "Бир нуроний ўн ёшга масъул" тамойили асосида амалга оширган ишларини намойиш этди.

Тадбир аввалида «Нуроний» жамғармаси вилоят бўлими раиси Ш.Негматов сўзга чиқиб, ушбу танлов нуронийларни ҳаётга янада фаол жалб қилиш, уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, ёшлар тарбиясида кекса авлод вакилларининг тажрибасидан кенг фойдаланиш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, ажрим ёқасида турган ёш оилалар ўртасида барқарор муҳитни вужудга келтиришга хизмат қилишини таъкидлади.

Ҳакамлар ҳайъати хулосаларига кўра, кўрик-танловнинг вилоят босқичи ғолиблиги Ургут туманининг Юқори Қайроқли маҳалласи нуронийси Акрам Суюновга насиб этди ва диплом, пул мукофоти билан тақдирланди. Шунингдек, Акрам бобо кўрик-танловнинг республика босқичига йўлланма олди.

Қўшработ туманининг Бойтўп маҳалласи нуронийлар фаоли Норбобо Шакаров иккинчи, Каттақўрғон шаҳар Қўшҳовуз маҳалласи нуронийси Сабоат Нигматова ҳамда Паст Дарғом туманининг Ҳовузак маҳалласи фаоли Азамат Рўзиқулов учинчи ўринни қўлга киритди. Уларга ҳам пул мукофоти ва эсдалик совғалари топширилди.

- Бугун ёш авлод тарбияси ҳар қачонгидан долзарб бўлиб бормоқда, - дейди Акрам Суюнов. - Уларни тўғри йўлга бошлаш, бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, касб-ҳунарли, ишли қилишда катта ҳаёт тажрибасига эга нуронийларнинг ибратли ҳаёти муҳим аҳамият касб этади. Бугунги танлов биз нуронийлар учун ўзаро тажриба алмашиш, ёшлар тарбиясида нималарга эътибор қаратишимиз зарурлигини маслаҳатлашиб олиш учун қулай имконият бўлди.
Танловнинг республика босқичида ҳам муносиб иштирок этиб, маҳалла ёшларига бош бўлишдек эзгу мақсадни амалга ошириш учун ҳаракатдан тўхтамайман.