Бир томорқа — бир имконият: ишбилармон аёллар ибрат бўлмоқда
Бугун маҳаллаларда хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш, аҳолини ўзини ўзи банд қилишга кенг жалб этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бу борада Ўзбекистон Либерал-демократик партияси томонидан амалга оширилаётган лойиҳалар маҳаллаларда ўз самарасини бермоқда.
Партиянинг Тойлоқ тумани Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари, аппарат раҳбари Зойиржон Зиёдуллаев ҳамда туман Кенгаши депутати Насиба Мўминова туманнинг Сариосиё маҳалласида бўлиб, маҳаллада фаолият юритаётган томорқачи ва ишбилармон аёллар — Мастура Суюнова ҳамда Гулчеҳра Худойназарова хонадонларида ташкил этилган иссиқхоналар фаолияти билан танишди.
Учрашув давомида ЎзЛиДеП томонидан амалга оширилаётган “Ишбилармон аёл” ва “Намунали томорқачи” лойиҳаларининг мазмун-моҳияти хусусида атрофлича фикр алмашилди. Қайд этилганидек, ушбу лойиҳалар маҳаллаларда аҳоли томорқаларидаги бўш ер майдонларидан самарали фойдаланиш, хотин-қизларни ўзини ўзи банд қилиш, шунингдек, маҳалладаги бошқа аёлларни ҳам иш билан таъминлашга қаратилган.
Лойиҳалар доирасида аҳоли томорқаларидан унумли фойдаланиш, бир йилда 2–3 марта ҳосил олиш мақсадида тажрибали томорқачи аёллар иштирокида маҳорат дарсларини ташкил этиш, “Бир маҳалла — бир маҳсулот” тамойили асосида маҳаллаларни муайян экин турига ихтисослаштириш ҳамда фермер ва тадбиркорлар томонидан ихчам иссиқхоналар қуриб беришга кўмаклашиш режалаштирилган.
Мастура Суюнова 4 сотих ҳовлисида замонавий иссиқхона ташкил этган бўлиб, айни пайтда 3 нафар оила аъзосини иш билан таъминлаган. У қулупнай етиштириш орқали йилига 200 миллион сўм даромад олишни режалаштирмоқда. Гулчеҳра Худойназарова эса 12 сотих ҳовлисида лимонария ва қулупнайчиликни йўлга қўйиб, 5 нафар ёшларни доимий иш билан банд қилган. Ушбу фаолият орқали унинг йиллик ўртача даромади 500 миллион сўмни ташкил этмоқда.
Мастура Суюнова ва Гулчеҳра Худойназарова бугун Сариосиё маҳалласининг фаол, ташаббускор ва ишбилармон аёллари сифатида қўшниларига, айниқса хотин-қизларга ибрат бўлиб келмоқда.